Олий Мажлис Қонучилик палатаси депутатлари гуруҳи Вазирлар Маҳкамасига сўров тайёрламоқда. У ҳар икки йилда юридик шахсларнинг ҳайдовчилари малакасини ошириш борасида ўтган йил сентябрь ойида қабул қилинган қарор юзасидан киритилади. Бу ҳақда, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Расул Кушербаевга асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, жорий йилдан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари икки йилда бир марта малака оширишдан ўтиши лозим. Малака ошириш фақат Avtotest ўқув комплекслари негизида ўтказилади. 1 июлдан юридик шахс ҳайдовчисида Avtotest курсидан ўтганлик ҳақида сертификат йўқлиги учун маъмурий жавобгарлик жорий этилади. Ўзгартиш йўл ҳаракати қоидаларига ҳам киритилди.
Ҳукуматнинг бу қарори жамоатчилик орасида қизғин баҳсларни келтириб чиқарди. Ҳужжат қабул қилинишидан олдин унинг очиқ муҳокама қилинмагани, ҳар икки йилда малака ошириш талабанинг қай даражада тўғрилиги, асосийси — малака оширишни ташкил этиш ҳуқуқи битта-ягона ҳусусий компанияга ташкил этилгани эътирозларга сабаб бўлди.
Ўз вақтида бу қарор жиддий ўрганиб чиқилиши лозимлигини Савдо-саноат палатаси вакиллари айтиб ўтган эди. Расул Кушербаевнинг сўзларига қараганда, депутатлар ҳам бундай қарор қабул қилинганидан ҳайрон қолган:
«Нега бундай ҳуқуқ битта юридик шахсга тақдим этилди, ахир бу билан очиқчасига сунъий монополия ташкил этилмоқда? Нега сертификат фақат икки йил амал қилади? Бизда йўл ҳаракати қоидалари шунчалик тез ўзгарадими?»
«Алоҳида тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар тақдим этишни тўхтатиш ҳақида мамлакат Президенти гапиряпти. Аммо бу ерда биз тескари йўналишдаги ҳаракатни кўряпмиз», — деди депутат.
Сўров киритиш таклифини депутат Қодир Жўраев илгари сурди. Уни бир қатор бошқа депутатлар қўллаб-қувватлагани боис депутат сўрови тайёрлашга қарор қилинди.
Кушербаевнинг таъкидлашича, айни пайтда жаҳон тажрибаси ўрганилмоқда ҳамда қабул қилинган қарорнинг муқобил ечимлари қидирилмоқда.
Депутатлар ҳар ой ўн кунга минтақаларга фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўрганишга боради. Расул Кушербаевнинг сўзларига қараганда, ҳайдовчилар, тадбиркорлар ва мутахассислар кўрсатилган масалада кўп норозилик билдирмоқда.
Шунингдек, кўп ҳолларда юридик шахслар ҳайдовчилари ЙТҲ иштирокчилари бўлаётгани ҳақидаги аргумент ўрганиб чиқилган ва бу маълумот ҳақиқатга мос келмаслиги аниқланди.
Депутатлик сўрови киритилганидан сўнг ҳукумат ўн кун ичида асосли жавоб бериши талаб этилади.
Изоҳ (0)