«Дарё» интернет-нашри «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ватандошларнинг фикрларини эълон қилишда давом этади. Эълон қилинаётган бу фикрларда меҳнат муҳожирлари учун шарт-шароитлар яратиш йўлида бугун бошланган ишлар, ўзгаришлар учун таклиф ўлароқ жаранглаган изоҳлар ҳам йўқ эмас.
Эълон қилинаётган навбатдаги монолог — 2005 йилда Қозоғистон орқали Россияга ишлашга борган ўзбекистонликнинг 10 кун давомида қандай қийинчиликлар билан Москвага етиб олгани ҳикоя қилинади (уни «Дарё» муҳаррири Дилшод Шарипов ёзиб олди). Муҳожирнинг илтимосига кўра, исми-шарифи ва унинг шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилмади, матн жузъий таҳрирларга учради.
2005 йилнинг март ойи эди. Қўшни қишлоқдан 16 киши Россияга ишга кетяпти, яна ишчи бўлса олиб кетаркан, деган гапни эшитдим. Ўшанда деҳқончилик қиламан деб уруғликка ерёнғоқ олиб, чақтириб қўйгандим. Қўшни қишлоққа борсам, бир аёл эри Россияда прораб экани, оддий ишчиларга 400—500 доллар, усталарга 1000 доллардан ваъда қилаётганини айтди. Гапларига ишонмадим, аммо озроқ ишлаб келсам, ота-онамга ёрдам бўлади, деб ўйладим. Отам аввалига: «Болам, кўз олдимизда деҳқончилигингни қилавер», деди. Аммо оиламиз катта, акамга уй солиш, сингилларни турмушга бериш, ўзим эса уйланишим керак. Отам охири ноилож рози бўлди. Уруғлик учун олган ерёнғоқларимни сотдим. Қишлоқда биринчилардан бўлиб Россияга йўл олдим. Ўшанда отам айтган сўзлар ҳамон ёдимда: «Ўзингдан ортса, жўнат. Бўлмаса, ўзингни ўйла».2 март куни йўлга чиқдик. Ўртадаги воситачилар Қозоғистон орқали Москва поездига чиптасиз чиқариб юбориш учун 170 минг сўм пул сўради. Рози бўлдик — ўша вақтларда бу анча катта пул эди. Биринчи куни чегарадан ўтолмай ортга қайтдик. Тошкентдан қайтгач, кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлди. Россияга бориш фикридан қайтиб, пулини сўрай бошлаганлар ҳам бўлди. Воситачилар 5 март куни бизни яна Тошкентга олиб кетди. «Қоплонбек» постидан Қозоғистонга ўтиб олдик. Кечгача юк машиналар автотураргоҳида ўтирдик, қоронғида 2-3 машина келиб, бизни Чингелди қишлоғига олиб кетди. Янги қурилган уйга жойлашдик. Қозоғистонлик воситачилардан бирининг уйи экан.
Поездларда текширув кучли бўлаётгани учун беш кун ўша ерда қолиб кетдик. Сумкаларимиздаги нонларимиз охирлай бошлаганди, чойни ҳам уй эгаларидан сотиб олардик.
Бешинчи куни кечқурун ўртакаш келиб: «Эртага саҳарда поездга чиқамиз, тайёр туринглар», деди. Тонг қоронғисида бир гуруҳ мусофирлар келиб, бизга қўшилди. Воҳаликлар экан, орасида аёллар ҳам бор эди. Уларнинг ортидан ширакайф бир қозоқ келди. «Ҳамманг 100 рублдан йиғларинг», деди. Пулимиз йўқлигини айтгандик, «Бўлмаса ҳеч қаерга кетмай, мени боқасанлар», деди. Ҳамма ҳайрон, поезд келишига оз қолган. Ёши катталар нега пул беришимиз керак деб савол берди. Қозоқ бизга қараб: «Келганларингга неча кун бўлди?», деб сўради. «Беш кун», деганимиздан сўнг, «Ана, кўрдиларингми, беш кун Қозоғистоннинг ҳавосидан нафас олгансанлар, тўламасаларинг ҳар нарса қиламан!», деди. Ноилож, тўладик.
Поезд келди. Бекатда жуда оз вақт турар экан — югуриб-йиқилиб, амаллаб чиқиб олдик. Ичи тўла одам. Ўтиришга жой йўқ. Бу «Тошкент—Уфа» рейси бўлиб, унда асосан савдогарлар экан. Юкхонага чиқиб ётдик. Ўртакаш: «Сигарета ва сув-пув ичишингизга 300 рубль етади, қолган харажатлар мендан», деганди. Биринчи бор рубль ушлашимиз, уни анча пул деб ўйлаганмиз. Йўлда қорин очди, сумкамни қарасам бир дона нон қолибди — нонни ўртага қўйдим-у, ўзим зўрға бир бурда ушатишга улгурдим. Бир ярим кун ўтди, тушлик қилмагандик. Кечки овқатга бирон нарса еб оларман деб, тамбурга йўл олдим. Ёнимда 200 рубль қолган, 100 рублни олд киссамга, қолган 100 рублни ички киссамга яширдим. Тамбурда бир неча одам чекиб турган экан. Ўзим чекмайман, улар билан гаплашиб тургандим — қозоқ милиционерлари келиб, ҳаммани титиб, топган нарсасини олиб қўя бошлади. Пулимни яширишга улгурмадим, олд чўнтагимдаги 100 рублни олиб қўйди. «Егани ҳеч нарсам йўқ, бу пулга нон оламан, беринг», дедим. Милиционер юзимга тарсаки тушириб, «Пулни сендан олганимни исботла, бўлмаса қаматаман», деди. Индамадим. У чиқиб кетди.
Яна пластик идишга ҳожатхонадаги умивальникдан сув олиб ичдик. Ётсам ҳам уйқум келмайди, қорним оч. Бир ярим кун шу сув билан юрдим. Иссиғим кўтарилиб, танам оловдек ёнарди.
Шу тариқа Оренбургга етиб олдик. Поезддан тушиб, вокзалга кирдик. Ўша ернинг бир ўртакаши бор экан, ҳаммани бир тарафга сафлаб, 1000 рублдан йиғмасак, чиқиб кетишимиз мумкинлигини айтди. Ноилож, пул йиғдик — ташқари совуқ, қаёққа ҳам борардик. Вокзалда икки кун қолиб кетдик. Қорнимиз оч, вақт ўтказиш учун ухлаймиз. Тангаларни ташлаб, 3-4 та қора буханка нон олиб, едик. Кимлардадир пул бор, меники тугаган, ейишга ҳеч вақоим йўқ. Ўртакаш икки кундан кейин «Сакмарская—Москва» поездига чипта олиб беришини, Москвада бизни прораб юртдошимиз кутиб олишини айтди. Яна икки кун пул йиғиб, икки марта буханка нон билан кун кўрдик.
Москвага етиб борганимизда, бизни кутиб олгани ҳеч ким чиқмади. Милиционер келиб, паспортларимизни олиб кетди. Бироз ўтгач, бир ўзбек йигит келиб, 100 рублдан йиғиб берсак, паспортларимизни қайтиб олишимиз мумкинлигини айтди. Қаҳратон, оёқлардан совуқ ўта бошлади. Қорнимиз оч, қалтирай бошладик. Ўша ерда одамлардан телефон сўраб, бизни кутиб олиши керак бўлган прорабга бир неча бор телефон қилдик. У ҳар сафар турли баҳоналар қилиб, кечикаётганини айтарди. Унга баланд овозда гапира олмасдик — чунки бу ерда умид қилишимиз мумкин бўлган ундан бошқа инсон йўқ эди.
Совуқда етти соат турдик, оёқларимиз ҳеч нарсани сезмасди. Совуқда одам кўкимтир бўлиб кетар экан. Бир вақт прорабнинг ўзи телефон қилиб қолди. Катталаримиз ўзини босиб: «Қаердасан, кутиб қолдик-ку», дея олишди. У бўлса қурилишга одам керакмаслигини, фақат усталарни олгани машина жўнатишини айтди. Ичимизда икки уста ва усталарга ёрдамчи бўлиб, қўлидан озроқ иш келадиган бир киши бор эди.
Ўзимиз билмаган ҳолда иккига ажралдик. Усталар ўзини биздан нари олиб, «Қўлингдан иш келмаса, нега келасанлар?», деб сўкина кетди. «Бизга барибир, кетаверамиз, сенлар билан ишимиз йўқ», дейишди. Усталардан бирининг укаси биз билан бирга турибди, совуқ шунчалар ўтиб кетганиданми, билмайман, улар ҳатто ўз яқинларини ҳам тан олмай кетишга тайёр эди.
Шу пайт усталардан бири сумкасини очиб, қорайиб, моғорлаб кетган нонларни аҳлат идишга ташлай бошлади — биз санаб турдик, у моғор босган 12 та нонни улоқтирди. Ўтириб қолдим, кўзимдан ёш оқарди. «Наҳотки! Қолганлар нонимга шерик бўлмасин деб, шунча қийинчиликларда ҳам нонини кўрсатмаган бўлса-я, номард! Балки кўриб қолишимиздан қўрқиб, ўзи ҳам ея олмагандир». Уни кўриб, нариги икки уста ўзига келди чоғи, сўкиниб, яна прорабга телефон қилиб: «Ҳов, прораб бўлган сендан, менга қара!.. Ҳозироқ машина жўнат, ўзинг ҳам кел, йўқса ариза ёзиб қаматамиз!», деди. Прораб телефоннни ўчириб қўйди, сўнг ўзи қайтиб қўнғироқ қилди. Ҳаммамизни олиб кетгани бир турк келаётганини айтди. Суюниб кетдик, совуқда қотган оёқларга ҳам жон киргандек бўлди.
Бир ёш турк йигити бизни олиб кетгани келди. Паспортимизни милиция ходими олиб қўйганини айтдик. Қонунни билмаганимиз шу-да: чипта билан уч кун юриш мумкин экан. Ҳалиги турк турган жойидан русчалаб қичқириб, паспортимизни олиб қўйган милиционерга бир нарсалар деди. Биз рус тилини тушунмаймиз ҳам. Бир зумда милиционер паспортларни кўтариб келди. Иккаласи ўдағайлашди. Турк устун келди, шекилли, паспортларимизни қайтариб олдик. Турк йигитнинг ортидан эргашдик, у озроқ ўзбекча ҳам гапираркан.
«Газель»да янги қурилган, атрофи девор билан ўралган бино олдига келдик. Турк йигит: «Кўчага чиқманглар, рухсатномасиз қоровуллар киритмайди, биз ҳам ёрдам беролмаймиз», деди. Ичкарига кириб, бешинчи қаватга чиқдик. Ҳали таъмири битмаган, ёғочлардан каравот ясалган бир хонага кирдик. Хайрият, иссиқ экан. Бу бир вақтлар Фарғонадан қочиб келган месхети туркларга қарашли қурилиш эканини айтишди. Бизнинг келишимизга темир челакда нўхат пишириб туришган экан — икки-уч марталаб сузиб ичдик. Кейин бизни чақирган одам кўринди — пастдеккина бўйли, мўйлови бор, эски кийимдаги бир ишчи.
Овқатланиб бўлгач, йигитлар тамаки чеккани залга чиқди. Бизни у ерда кўрган бошқа бир турк: «Қорин тўйиши учун ишлагани келганлар сизларми?», деб сўради. Ҳайрон бўлдик. Кейин билсак, прорабимиз устидан ариза тушишидан қўрқиб: «Келганлар қорни тўйиши учун ишлаб турсин», деб бошлиқларидан рухсат сўраган экан. Унинг ўзи етти ойдан бери маош олмай юрган, хотини ҳар бир жўнатган одами учун 30 минг сўмдан пул олгани учун, эрига: «Уларни қаерга бўлса ҳам ишга жойлайсан», деб айтган экан.
Ҳозир Россияга келиб-кетиш осон бўлиб қолди, шунинг учун менинг бу гапларим ўша кунларни кўрмаган, ўз бошидан ўтказмаган одам учун эртакдек кўринади. Ўшанда, шунча қийинчиликдан сўнг қайтиб кетиш ор эди. Баъзилар йўл кираси учун битта мол сотиб келганди. Уч ой маошсиз яшаб, ердан 10 рубль топиб олиб, севиниб йиғлаганимни ҳеч эсимдан чиқармайман. Ўша 10 рублни альбомимга скотчлаб, авайлаб олиб қўйганман. Ҳозирги кунларимга шукурлар қиламан.
Изоҳ (0)