Сирдарё вилоятининг Ховос туманидаги Туркистон массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган 16 хонадонга мўлжалланган 2 қаватли битта ҳамда ҳар бири 2 сотихли ери бўлган саксон иккита уй фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш, намунавий лойиҳалар асосидаги арзон уй-жойлар барпо этишга қаратилаётган алоҳида эътибор аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
— Яратганга шукр, янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилган арзон уй-жойлардан бирига эга бўлдик, — дейди автокорхона чилангари Шавкат Мелибоев. — Турмуш ўртоғим ва 2 фарзандим, шунингдек, уч ака-ука кичкина бир ҳовлида тиқилишиб турардик. 3 хонали замонавий уйнинг олдида 2 сотихли ери ҳам бор. Меҳмонхона, дам олиш, болалар хонаси алоҳида, ташқи ва ички ошхона, ҳатто, оғилхона ва индивидуал иситиш қозонхонаси ҳам бор экан. Хуллас, бир оиланинг бахтиёр ҳаёт кечириши учун барчаси муҳайё. Ниҳоятда хурсандман.
Миллий урф-одатларга кўра, Ховос тумани ҳокимлиги томонидан уй тўйига атаб дастурхон ёзилди, ош дамланди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.
Изоҳ (0)