Осиё Чемпионати U23 мусобақасини чемпион сифатида якунлаган Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон терма жамоаси Индонезияда бўлиб ўтадиган Осиё Ўйинларида ҳам иштирок этади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Осиё Ўйинларига ҳам жамоани Равшан Ҳайдаровнинг ўзи олиб боради. Тайёргарлик эса март ойиданоқ бошланади. Айни вақтда ЎФА Саудия Арабистони футбол ассоциацияси билан Осиё Ўйинларига борадиган олимпия термалари ўртасида 2 та ўртоқлик ўйини ташкил қилиш масаласида келишиб олди. Учрашувларнинг ҳар иккисига ҳам Ўзбекистон мезбонлик қилади.
Бунгача Фарғонага ташриф буюрган ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, водийда олимпиячилар иштирокидаги халқаро ўртоқлик ўйинларини ўтказиш таклифи билан чиққанди. Унинг ваъдасига мувофиқ, Саудия Арабистонига қарши биринчи беллашув 21 март куни Фарғона шаҳрида ўтади. 25 мартда эса томонлар Андижонда ўзаро саф тортади.
Чемпион футболчиларнинг водий мухлислари кўз ўнгида майдонга чиқиб келиши, Наврўз байрами учун ҳақиқий совға бўлади, деб ёзилган ЎФА расмий сайтида.
Изоҳ (0)