Украина хавфсизлик хизмати халқаро қидирувда бўлган диний ақидапарастни қўлга олганини маълум қилди. Бу ҳақда, УХХ сайтида 20 январь куни эълон қилинган баёнотга асосланиб, «РИА Новости» агентлиги хабар бермоқда.
«УХХ ходимлари Одесса вилоятида Интерпол ва Европол томонидан тақдим этилган ахборот асосида, ўта оғир жиноятларни содир этгани учун халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди», — дейилади хабарда.
Хабар беришларича, бу шахс «Жамоат» террорчилик ташкилоти таркибий тузилмасига кирувчи «Жиҳодчилар» халқаро диний-ақидапарастлик гуруҳининг ишида фаол қатнашган.
УХХ маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс ақидапарастлар сафига янги тарафдорларни оғдириш билан шуғулланган. «Maxсус хизматлар маълумотларига кўра, у Украина ҳудудида ҳам «Жиҳодчилар» сафига янги аъзоларни жалб этиш ташвиқоти билан шуғулланмоқчи бўлган», — дейилади хабарда.
Ҳозирги вақтда гумонланувчига нисбатан, уни Ўзбекистон хавфсизлик органларига топшириш шарти билан, экстрадицион ҳибс чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)