Тошкент шаҳрида 2018 йилда янги қуриладиган ва мавжуд кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватида ташкил этиладиган мактабгача таълим масканларининг режа-жадвали тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Жорий йилда Тошкентда 420 дан ортиқ кўп қаватли уй қурилади. Уларнинг 220 таси хусусий тадбиркорлар томонидан, 200 таси эса давлат раҳбарининг тегишли қарори асосида барпо этилади.
220 та ана шундай уйнинг биринчи ва иккинчи қаватида тадбиркорлар томонидан кичик ҳажмдаги болалар боғчалари ташкил этилиши кўзда тутилган. Ота-оналарнинг истакларини инобатга олган ҳолда якка тартибдаги хонадонларда ҳам 40-50 ўринли хусусий болалар боғчалари ташкил этилади.
Тошкент шаҳрида 2018 йилда 53 минг, 2019 йилда 16 минг, жами 69 минг нафар бола мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинади. Ҳар бир туманда 3 тадан 5 тагача болалар боғчаларига таълим муассасаларида намунали фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари томонидан хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилади.
Бугунги кунда пойтахтда 632 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 185 таси хусусий. Таълим масканларида 123 мингга яқин ўғил-қиз тарбияланмоқда. Тошкент шаҳрида боғча ёшидаги, яъни 3-6 ёшдаги болалар 190 минг нафардан ортиқни ташкил этади.
Изоҳ (0)