Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон ФВВ эълон қилган Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг дастлабки рўйхатига киритилганларнинг барчаси Наманган вилоятидан. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, қурбонларнинг 20 нафари Тўрақўрғон, 8 нафари Косонсой туманидан. Жабрланганларнинг икки нафари тўрақўрғонлик.
Фожиа муносабати билан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш ҳамда халқ таълими бошқармалари, «Маҳалла» фонди вилоят бўлими каби қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларидан иборат ишчи комиссияси тузилди.
Комиссия томонидан қурбонлар ва жабрланганларнинг оилавий шароитини ўрганиш, оила аъзоларига тиббий-руҳий ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Вилоят масжидларида ўқилган жума намозларида қурбонлар ҳақига дуо қилинди.
Изоҳ (0)