18 январь куни ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига кўра тузилган махсус ҳукумат комиссияси аъзолари бўлган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг борти Тошкентдан Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрига учиб кетди. Бу ҳақда «Дарё»га Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Олдинроқ Президент топшириғига кўра бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида махсус ҳукумат комиссияси ташкил этилгани хабар қилинган эди. Унинг таркибига Ташқи ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа идораларнинг вакиллари киритилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, учиб кетганлар таркибида ҳалокат оқибатида жабрланган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тузилган тезкор тиббий гуруҳ ҳам бор. Камбустиолог, анестезиолог-реаниматолог, суд-тиббиёт эксперти ва психолог каби малакали шифокорлардан таркиб топган ушбу гуруҳга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Асилбек Худаяров бошчилик қилмоқда. Тезкор тиббий гуруҳ зарур воситалар, дори-дармон захиралари билан етарли даражада таъминланган.
Махсус ҳукумат комиссиясига Қозоғистон вакиллари билан ҳамкорликда содир бўлган фавқулодда вазият сабабларини ўрганиш, мамлакат фуқаролари шахсини аниқлаш вазифалари юклатилди.
Шунингдек, комиссия ҳалок бўлганларнинг таналарини мамлакатга олиб келиш, уларнинг оилаларига зарур ёрдамни кўрсатиш билан шуғулланади.
Изоҳ (0)