Дональд Трамп ва Нурсултон Назарбоев 16 январь куни Вашингтонда кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот котиби Ойдўст Уқибой маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Ташриф якунлари бўйича икки давлат етакчиларининг Қозоғистон ва АҚШ алоқаларини янада чуқурлаштиришни назарда тутувчи кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилинади. Икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, АҚШ инвестицияларини мамлакат иқтисодиётига жалб этишга эътибор қаратилади. Америка капитали иштирокидаги қўшма лойиҳалар Қозоғистон иқтисодиётининг турли соҳаларини қамраб олади. Музокаралар доирасида қиймати бир неча миллиард долларга тенг қатор келишувлар имзоланади», — деди Уқибой.
Матбуот котибига кўра, Қозоғистон раҳбарининг америкалик етакчи сиёсатчилар ва бизнесменлар билан учрашувлари режалаштирилган.
Маълумот учун, Нурсултон Назарбоев 16—18 январь кунлари АҚШда ташриф билан бўлади.
Изоҳ (0)