«Халқ сўзи» мухбири таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов билан суҳбатлашди. Ижодкор ўзбек киносининг бугунги ҳолати, ундаги ички муҳит, олинаётган фильмлар савияси ҳақида рўй-рост, очиқ-ойдин гапириб берди. Кези келганда кескин танқидий фикрларни ҳам билдирди.
Мухбир: Зулфиқор ака, бугунги кунда санъатнинг барча турида, у адабиётми, кино ё мусиқами, ҳаммасида ғалати бир чучмаллашишга ўхшаш ҳолат кузатилаяпти. Ҳақиқий санъат, профессионализм ўз қўналғасидан пастга — омма орасига тушиб келаётир. Дейлик, бугун жамиятимизда Ҳазрат Навоий ўқувчиларидан кўра, Аҳад Қаюмнинг ихлосмандлари бир неча ўн баробар кўплигини қандай баҳолаш мумкин?
Зулфиқор Мусоқов: «Осмондаги болалар» фильмидан эпизодни қайтарилиши бўлаяпти. У ерда кинорежиссёр мухбирга «менинг фикрим бировга керакми?» деганди...
Мухбир: Бизга керак...
Зулфиқор Мусоқов: Адабиёт, мусиқа бўйича мутахассис эмасман, кино санъатига келсак, бу саволингизга «Ўзбеккино»нинг бевосита раҳбарлари атрофлича жавоб бериши мумкин.
Мухбир: Бизни айнан сизнинг фикрларингиз қизиқтиради...
Зулфиқор Мусоқов: Киноя билан айтганда, кейинги фильмим қанақа бўлишини билмайман-ку, ўзбек киноси муаммолари ҳақида нима ҳам дея оламан? Гап шундаки, ўзбек киноси ҳақида телевидениеда, оммавий ахборот воситаларида «жонкуярлар» жуда кўпайиб кетди. Назаримда, бугун кинонинг тақдирини ҳал қилувчи одамларга менинг фикримнинг кераги йўқ. Зарур бўлганда, таклиф этишарди. Бу, албатта, битта одамнинг ўта шахсий, балки баҳсли, лекин самимий фикрлари. Ваҳолонки, ҳеч қанақа ваколатим йўқ. Зеро, ҳеч қачон у ёки бу лавозимга интилмаганман ва интилмайман ҳам. Ҳар бир кино маҳсулоти алоҳида профессионал муҳокамага муносиб. Яхшими-ёмонми, вақт ҳамма нарсани ўз жойига қўяди. Юқоридаги саволингизга энг қисқа жавобни бир олимнинг кундалигидан ўқиганим мана бу фикр ифодалаши мумкин: дилетантлар дунёни хонавайрон қилишади... Афсуски, кинода шу жараённи кузатаяпмиз. Агар мавзуга жиддийроқ ва чуқурроқ ёндашсак, ушбу ҳолат сабаблари ҳамда натижалари жуда жиддий, ҳатто, фожиали...
Мухбир: Қисқа вақт ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки марта айнан киноижодкорлар билан яқин мулоқотда бўлдилар. Йиғилишда бўлганингизда, сиз уларга қанақа саволлар берардингиз?
Зулфиқор Мусоқов: Савол бермасдим. Уларнинг айтган гапларидан менга жуда яқин ва маъқул бўлган фикрларини қўллаб-қувватлашимни айтардим холос...
Биринчидан, Президент очиқ-ойдин соҳадаги муаммолар, камчиликлар ҳақида айтиб ўтди. Аслида ҳам кино санъатининг аҳамияти Мудофаа вазирлиги билан тенг юради. Яъни юксак бадиий асарларгина ёш томошабинларимизни зарарли ғоялардан асрай олади.
Иккинчидан, Президент бир нарсага алоҳида урғу берди. Адабиётда, санъатда, кинода бизнес деган тушунчани унутинглар, биз бу нарсага йўл қўймаймиз, дедилар.
Учинчидан, Президент Киноарбоблар уюшмаси ва бадиий кенгаш олдига ҳам аниқ вазифалар қўйди. Ўйлаб кўрсам, ўн тўрт йилдан ортиқ вақт ичида Киночилар уюшмасининг бирорта съезди ўтказилмабди. Хўш, нимага?!
Тўртинчидан, бадиий кенгашга фақат кино соҳасига юксак ҳисса қўшган, профессионал мутахассислар таклиф қилиниши керак, дедилар.
Мухбир: Сиз бир суҳбатингизда «Тарковскийни билмасдан туриб қандай кино олиш мумкин?» деган эдингиз. Бу ўринда сиз ҳақ эдингиз. Зеро, бугунги режиссёрлар, киноижодкорларнинг кўпчилиги кино санъати тарихи, соҳада яратилган оқимлар, масалан, Акира Куросава, Федерико Феллини мактабидан ёхуд ХХ аср санъатида воқеа бўлган «абсурд театри» йўналишидан, жабҳада бўлаётган янгиланишлардан хабардорлиги мени шубҳалантиради. Шу маънода, бугунги ўзбек киноиндустриясида кинодраматургия, режиссура ҳақида нималар дея оласиз? Бу борадаги фикрингиз қандай?
Зулфиқор Мусоқов: ХХ—XXI асрнинг донишманд инсонларидан бири, «Тошкент — нон шаҳри» фильми сценарий муаллифи Андрей Кончаловский айтган эди: «Халқнинг тақдири унинг маданиятига боғлиқ» деб. Кино санъатининг тарбиявий, маънавий аҳамияти ҳақида ортиқча гапириб ўтиришнинг ҳожати юқ. Биргина сўз билан изоҳлаб ўтиш мумкин: ушбу соҳа давлат миқёсида стратегик аҳамиятга эга. Хоҳлаймизми-йўқми, бу нафақат бизнинг кинога, балки дунё (АҚШ ва Ҳиндистондан ташқари) кино санъатига тегишли гап. Яна бир факт: Ер куррасининг Хитой ва Ҳиндистондан ташқари, бошқа давлатларидаги деярли барча кинотеатрларни АҚШ киномаҳсулотлари қамраб олган. Ривожланган мамлакатлар (Франция, Германия, Англия, Швеция ва бошқалар) миллий киносини сақлаб қолиш учун ўз кинематографиясига давлат томонидан моддий ёрдам беради. Бинобарин, асосий фикрим шундан иборатки, бизнинг кино давлат ёрдамисиз ўлади. Ва давлатимиз қўлидан келганча киномизни ривожлантириш учун ҳар йили маблағлар ажратиб турибди. Лекин охирги ўн — ўн беш йил ичида биз томошабинни йўқотдик. Уни аниқ одамларнинг диди ва билимлари пастлиги, тижорат фильмларга бўлган ўта меҳрибонлиги (ўйлайманки, беғараз тарзда эмас) ва катталарга ёқиш учун кинода кечириб бўлмайдиган хатоларга йўл қўйганликлари туфайли йўқотдик. Бор гап шу. Мен бу иллатга қарши ўн йиллар курашдим. 2007 йилда Биринчи Президент Ислом Каримовга очиқ хат ёзганман. Президент ўрнига 5 кишидан иборат фуқаролар гуруҳи менга жавоб хати йўллашган. Ваҳолонки, уларда Ўзбекистон Президенти ваколати йўқ эди... Сурбетликнинг энг чўққиси. Муаммолар жуда жиддий. Эртага кеч бўлади. Кино санъати айнан бадиийлик, маънавий инқироз остонасида. Кино ҳақида қонун йўқ экан, демак, Биринчи Президентимиз кино ҳамда бадиий кенгаш ҳақидаги Фармони кучга эга. Ўша Фармонда аниқ айтилган: бадиий кенгашга талабчан, юксак профессионал, кино санъатига кўзга кўринарли ҳисса қўшган мутахассислар чақирилиши лозим деб. Афсуски, бу ҳужжат бажарилмай келаяпти. Баъзилар Вазирлар Маҳкамасининг бу борада махсус қарори борку, дея эътироз билдиришлари мумкин. Лекин бирорта ҳужжатда «Бадиий кенгашда кинони чуқур ўрганмаган, кино соҳасида саёз билимли, умуман тушунмай туриб баҳо бериш керак », деган гап юк. Афсуски, унинг ўрнига «буни тепадан ман қилишди», «идорага тўғри келмаяпти» «кураторимизга ёқмаяпти», деган гаплар бор. Ким улар? Нимага фильмларни яратувчи инсонлар билан улар очиқ мулоқотда бўлишмайди? Биз уларни танимасак, нимага кинода бир кун ҳам ишламаган одамларга ишонишим керак? Биз нима, атом сирлари бор заводда ишлаймизми? Миллионта идорадан биз розилигини олишимиз керак экан: маҳалладан тортиб, хотин-қизлар қўмитасигача. Хўш, маърифат ва маданият маркази ҳамда бошқа идоралар нимага ўта бачкана, ёшларнинг дидини, онгини, ахлоқини бузадиган фильмларга йўл қўяди? Бирорта давлат ҳужжати йўқки, у ерда «томошабинларни бачкана, бадиий савияси паст фильмлар билан заҳарлаш мумкин», дейилган бўлсин.
Ёшлар масаласи. Улар ҳар хил. Баъзилари шахсан мен ёзган ёки суратга олган фильмлардан парчаларни сурбетларча ўғирлаб, пул қилишаяпти. Охирги мисол. Кеча телевизорда бир роликка кўзим тушди. Бу мен Фатхулла Маъсудов, Фарҳод Абдуллаев, Нигора Каримбоева каби актёрлар билан 14 йил олдин олган ижтимоий клипнинг айнан ўзи. Мен шундай очиқдан-очиқ ўғрилик билан кун кўраётган ёшларни ҳурмат қилишим керакми? Ёки яна биттаси уйимга келиб, «Ака, сиз ёзган сценарий бўйича фильм бор экан, меники ҳам шунга ўхшаб кетаяпти», деб қолди. Кейин ўқисам, ғирт кўчирма. «Э, барака топгур, тўхта», десам ҳам, тўхтамай сурбетларча ўша қўлёзмасини кино қилибди... Сиз эса менга Феллинию Куросава ҳақида гапирасиз. Қанақа Куросава, қанақанги абсурд театри... Санъат ва маданият институтининг режиссёрлик бўлими 4-курс талабалари Комил Ёрматовни, Варшам Еремянни, Йўлдош Аъзамовни билишмайди-ку. Билимли ёшларга ҳурматим баланд. Лекин кино атрофида хира пашшага ўхшаб айланиб юрган шуҳратпараст одамлар мени ёш ижодкорларни ёмон кўради, деган туҳматларига аниқ жавоб беришим мумкин: юраги тоза, маданиятли, дўстликка содиқ, илмли ва ўз устида ишлайдиган ёшларга бутун умр ёрдам бериб келганман... Лекин умрида иккита китоб ўқимай, пулни, бир кунлик арзон шон-шуҳратни кетидан югурган, ёшлигидан бузуқ ишларга мойил ёшлардан жирканаман... Менинг умидим — киномизнинг эртанги куни айни шу юзлари очиқ, кўнгли тоза ёшлардан.
Киноиндустрия деган тушунча ҳозирги пайтда умуман йўқ. Қанчадан- қанча кинотеатрлар сотилиб, тўйхоналарга, ресторанларга айлантирилган. Нидерландияда Роттердам, Амстердам, Гаага, Утрехт шаҳарларида ўз кўзим билан кўрдим: кичкина шаҳарларда ҳам ўнлаб замонавий техника билан жиҳозланган шинамгина кинотеатрлар бор. Нидерландиянинг нуфуси 18 миллион. Бизда 32,5 миллион аҳоли яшайди...Ўзингиз хулоса чиқараверинг.
Мухбир: Истеъдодли режиссёр Баҳодир Йўлдошев бир гурунгида қайсидир режиссёр ҳақида сўз юритиб «У ҳатто ўз паспортини ҳам охиригача ўқимаган», деган экан. Бу гап билан сиздан киноижодкорларимизнинг бадиий савияси ҳақида сўрамоқчи эдим...
Зулфиқор Мусоқов: Афсуски, ўз ишига лоқайдлик, саводсизлик, қоғозбозлик ва мажлисбозлик, минбардан туриб қуруқ «қизил» гаплар айтиш ҳамда маддоҳлик оммавий тус олиб кетаяпти. Бир кино бошлиқдан «Чўқинтирган ота»ни кўрганмисиз десам, у «Нима у?» деганидан кейин додингизни кимга айтасиз...
Мухбир: Сизнингча, кино тарғибот воситасими ёки санъатми?
Зулфиқор Мусоқов: Авваламбор, санъат. Кейин тарғибот воситаси. Лекин нимани тарғибот қилишга боғлиқ.
Мухбир: Президент яқинда киночилар билан учрашганда Бухорий, Насафий, Термизий, Нақшбандий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк аждодларимиз ҳақида фильмлар яратиш масаласини кун тартибига қўйди. Сизнингча, бу тарихий шахслар ҳаётини кинода том маънода жонлантира оладиган режиссёрлар борми?
Зулфиқор Мусоқов: Бундай фильмларни яратиш, албатта, керак. Давлатимиз раҳбари аниқ айтдилар-ку: тарихий мавзуга бағишланган фильм катта маблағ талаб этади ва бу маблағлар алоҳида қўшимча тарзда қилиб берилади. Бу лойиҳаларни амалга оширадиган режиссёрлар бор: Баҳодир Одилов, Аюб Шаҳобиддинов, Абдухалил Мигнаров. Бундан ташқари, ҳозир «Абу Али ибн Сино» ҳақида бир эмас, иккита бадиий фильм бор, Нодирабегим, Фурқат ҳақида ҳам фильмлар олинган. Нимагадир уларни телевидениеда кўрсатишмайди? Шуларни ёшларимизга кўрсатсак, тарбиявий жиҳатдан катта иш қилган бўлардик.
Мухбир: Кўпгина томошабинлар гувоҳ. Сиз «Эътироф» совринини олаётганингизда, кўнглингиз анча ғаш эди. Кейин билсак, сиз ўша совринни «Ўзбеккино»га эртаси куни қайтариб берибсиз? Сабаб?
Зулфиқор Мусоқов: Чунки бу соврин шахсан менга ботмади. Негаки, анчагина ғирром, кўзбўямачилик жараёни бўлди. Кўпроқ мен «Дадам бетоб» фильмимда бош ролни ижро этган таниқли актёримиз Фарҳод Абдуллаев учун хафа бўлдим. Негаки, у ерда «Энг яхши актёр» номинацияси Фарҳодга қайси фильмдаги қайси роли учун берилгани айтилмади. «Энг яхши актриса» қайси роли учун олгани ҳам очиқ қолди. Ва ниҳоят, менга қайси фильм учун соврин берилди?.. Ёш болаларнинг ўйинига ўхшаб кетди, ғирт бачканаликдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун тинчгина совринни қайтардим. Бўлган гап шу.
Мухбир: Зулфиқор ака, сиз «Аччиқ чой» кўрсатувида «Берлин-Оққўрғон» фильмидан кейин, кинорежиссурадан кетаман, фильмлар суратга олмайман, деб очиғини айтганингизда, биз, мухлисларингизни анча хафа қилдингиз... Ахир сиздан ёши анча улуғ бўлган киночилар ҳам ҳалигача фильм олаяпти-ку! Бу нима — иддаоми, чарчоқ аломатими ёхуд шунчаки қарилик гаштини сурмоқчи бўлаётган оддий бир одамнинг фалсафаси?..
Зулфиқор Мусоқов: Сабаблари иккита. Биринчиси, ҳар бир ижодкорнинг ҳаётда, ижодда ўз йўли бор. Спортда ҳам, санъатда ҳам ўз вақтида, обрў бор вақтда кетиш керак. Чунки қариган чоғида одам ҳаммага кулги бўлиш хавфи бор. Шунинг учун киносценарийлар ёзиш билан банд бўламан. Шогирдлар тайёрлайман. Ношукр бўлмайман: ҳозир буни айтишга ҳаққим бор — халқимизнинг қалбидан бир нечта асарларим жой олган экан, нима учун бахтлиман демаслигим керак?! Иккинчидан, шахсан менга бизни кино санъатимизда охирги пайтларда вужудга келган нопрофессионал муҳит маъқул бўлмаяпти. Албатта, бу қарорга келишим жуда оғир ўтди: ахир 30 йилдан бери суратга олиш гуруҳим аъзоларини ҳам ўйлашим керак...
Изоҳ (0)