Спорт доимо тотализатор компанияларига қарши курашиб келади. Бироқ спортчиларга шундай таклифлар бўладики, баъзида уни инкор қилиб бўлмайди.
Ракетка усталари ҳақидаги мақолалари билан чиқиш қилаётган Хусниддин Мирзалиевнинг «Оламспорт» нашридаги таржимасида шу мавзу кўрсатиб берилган. Гап Чилидаги теннисни ёритиб борувчи машҳур сайтлардан бирига келган қизиқ бир мактуб ҳақида боради. Хатни теннисчи ёзган ва аччиқ ҳақиқат нимадан иборат эканини баён қилишга уринган. Ўша теннисчи аслида ким экани маълум эмас, бироқ унинг фикрига жиддий эътибор қараца арзийди.
«Мен профессионал теннисчиман. ATP рейтингида очколарим бор, бироқ асосан «Фьючерс», ёки «Челленжер» мусобақаларида иштирок этиб келаман. Исмимни айтолмайман, чунки бу мени теннисдан бир умрга айириши мумкин. Келишилган ўйинларда қатнашган теннисчилар номини ҳам кўрсатмайманки, зеро улар катта миқдордаги жарималарга тортилади ёки спортдан четлатилади. Мен тенниссиз ҳаётимни тасаввур эта олмайман, бутун ҳаётимни унга бағишлаганман.
Мен ўз кучимга ишонаман ва доим ғалабага интиламан. Шу билан бирга, бой оиладан эмасман. Теннисдаги харажатларимни асосан ота-онам кўтариб келарди.
Бир неча йиллар олдин бир воқеа содир бўлди. Мен ғалабаларга эриша бошлаётгандим. Рейтингим эса ўсиб борарди. «Фьючерс» турнирларининг бирида ёнимга бир одам келиб, илк даврада ютқазиб беришим учун 1500 АҚШ доллари таклиф қилди. Ваҳоланки, рақибим анча кучсиз эди. Мен унинг таклифига рози бўлмадим, геймни ўз фойдамга ҳал қилдим. Бироқ хаёлимдан 1500 доллар кетмай қолганди. Шу аснода кейинги ўйиндаёқ имкониятни бой бердим ва ташкилотчилардан 200 доллар гонорар олдим. Ахир 1500 олишим мумкин эди-ку, деган ўй мени тинч қўймасди.
Орадан бир ҳафта ўтиб, бошқа турнир старт олди. Ўйинга чиқиш арафасида мен ўша шахс билан яна бир бор дуч келдим. Энди у бирйўла 2000 доллар таклиф қилди ва мен рози бўлдим. Ўйин вақти мени қалтироқ босар, совуқ терга ботиб борардим. 2—3 сетни ўз фойдамга ҳал қилиб, якунда геймни барибир ютқазиб бердим. Ташкилотчилар менга 117 доллар тўлади, солиқлар чегириб қолингач, унинг қиймати янада камайди. Келишилган 2000 доллар эса ҳамёнимда нақд турарди. Мен кейинги мусобақаларда бемалол ўз ҳисобимдан иштирок этишим мумкин эди.
Умримда биринчи бор турнирдан қайтишда ота-онамга совға олдим. Энди харажатларимни ўзим қоплашимни, уларнинг ёрдами шарт эмаслигини айтдим, улар қувонишди. Ахир меҳмонхона, еб-ичиш ва парвозлар учун чипталарни ўзим амаллай олардим. Жаҳон миқёсига бемалол чиқиб оламан, деган хаёл ўтарди.
Орадан ойлар ўтди. Ҳамёним бўшаб бораётганди, ота-онамда имконият йўқ. Мураббийлар учун ҳам пул керак... Турнирлардаги иштирокларим учун оладиган пулларим чой-чақа, холос. Мана шундай пайтда Аргентинада «Фьючерс» турнири бошланди. Қуръа менга омадсиз келди. Илк даврадаёқ мусобақанинг биринчи ракеткасига қарши кортга чиқишим керак эди. Ўйинга пухта тайёрландим. Биринчи сетни 6:1 ҳисобида ютганимда, ҳайрон эдим. Иккинчи сет яна менинг фойдамга ҳал бўлганида эса, барчасини тушундим: мен бу бизнесда ягона эмасман. Менга дуч келган номаълум шахс, рақибимни ҳам «сотиб олганди». Одамлар букмекерлик компанияларида кучсизроқ теннисчиларга пул тикиб, мўмай даромад қилиб ётибди.
Мен ҳозир ҳам айрим учрашувларимни сотишга мажбурман. Баъзида фақатгина сетларнинг ўзинигина сотишга тўғри келади. Ахир теннисчилар керак вақтда ўзлари йўл қўядиган қўшхатоларни ҳам сотиб юборяпти.
Қилган ишларимдан пушаймон эмасман, уялмайман ҳам. Аммо мақтаниб ҳам бўлмайди. Ўйлашимча, теннис турнириларида соврин жамғармалари кўтарилмагунича, мен ва менга ўхшаганлар ўйинларни сотишда давом этаверади».
Изоҳ (0)