Қозоғистон тарихда илк бор 2018 йилнинг 1 январидан 31 январига қадар БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Кенгаш раиси Хавфсизлик кенгашига умумий раҳбарликни амалга оширади, БМТ котибияти кўмагида кенгашнинг кунлик иш фаолиятини ташкил этади. Хавфсизлик кенгашига раислик қилувчи тузилма аъзолари билан келишган ҳолда кенгаш номидан, шунингдек, норасмий маслаҳатлашувлар якуни бўйича ва Хавфсизлик кенгаши ҳужжат матни бўйича келишувга эришилганда оммавий ахборот воситалари олдида баёнотлар бериш ваколатларига эга.
2018 йилнинг дастлабки кунларида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари январь ойи учун мўлжалланган раислик дастурини кўриб чиқиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Хавфсизлик кенгашига кирмайдиган БМТга аъзо давлатлар, ОАВ ва нодавлат ташкилотлар учун кенгашнинг иш дастури юзасидан матбуот анжуманини ўтказиш режалаштирилган.
18 январь куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев раислигида Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг «Оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик: ишончни мустаҳкамлаш чоралари» мавзуида мунозаралар ўтказилиши белгиланган. Шунингдек, кенгашнинг бир ойлик фаолияти давомида Афғонистон ва Яқин Шарқ мамлакатлари, Сурия, Ливия, Конго, Марказий ва Ғарбий Африка давлатлари, Жанубий Судан, Мали, Кипр, Сомали ва Колумбия давлатларидаги вазият муҳокама қилинади.
Изоҳ (0)