Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимов айтишича, Суриядаги ИШИД террорчилик гуруҳининг ҳарбий қисмлари бошида Яқин Шарқ ва Ғарб мамлакатларидан келган инструкторлар томонидан ўқитилган қўмондонлар турган. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, Суриядаги воқеалар бошланиши билан бош штаб муҳитни кузатган ва ушбу гуруҳлар ҳаракатларининг тактикаси ўзига хослигини билган. Герасимов улар террорчилик ҳаракатларидан ташқари, тактик усулларни ҳам қўллашини айтди.
«Ушбу ноқонуний қуролли гуруҳлар бошида қатор Яқин Шарқ ва Ғарб мамлакатларидан келган инструкторлар томонидан махсус ўқитилган қўмондонлар турган. Ироқ армиясининг собиқ офицерлари ҳам бўлган», — деди Герасимов.
Бундан ташқари, генерал жанговар ҳаракатлар чоғида террорчилар Ироқ ва Сурия армиясининг катта миқдордаги қурол-яроғ ва техникасини қўлга киритганини айтди.
«Танк ва зирҳли машиналарнинг ўзи уларда 1,5 мингтагача бўлган. Қўшимча равишда тахминан 1,2 мингта қурол ва миномёт. Бу мунтазам армия эди, деса ҳам бўлади», — дея таъкидлади Герасимов.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)