2017 йилда дунёдаги энг бадавлат 500 нафар одамнинг бойлиги 1 триллион долларга кўпайди. Бу ҳақда Bloomberg, нашрига таяниб, «Ведомости» хабар берди. 2016 йилда ушбу кўрсаткич салкам тўрт баробарга кам эди — 237 миллион доллар.
Агентликнинг ёзишича, 26 декабрь санасига кўра Bloomberg Billionaires Index рўйхатидан ўрин олган 500 нафар миллиардер назорати остида бўлган активларнинг умумий қиймати 5,3 триллион долларни ташкил этган. Bloomberg Billionaires Index дунёнинг 500 нафар миллиардерини ҳар куни кузатиб боради, уларнинг бойлиги бир йилда 23 фоизга, MSCI World ва Standard & Poor’s 500 фонд индекслари эса деярли 20 фоизга ўсган.
2017 йил IT соҳасидан бўлган 57 нафар миллиардер учун муваффақиятли келган. Bloomberg’нинг баҳолашича, улар йил давомида 262 миллиард долларга бойиган. Amazon асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги жорий йилда 34,2 миллиард долларга ортган, ноябрь ойи сўнгида амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, унинг давлати 99,6 миллиард долларга тенг. Иккинчи ўринни эса Microsoft асосчиси Билл Гейтс эгаллади (91,3 миллиард доллар билан).
Биринчи бор осиёлик миллиардерлар сони америкалик миллиардерлар сонидан ортиб кетди. Шу билан бирга, умумий бойлиги 2 триллион долларни ташкил этадиган 159 нафар миллиардернинг давлатига 2017 йилда яна 315 миллиард доллар қўшилди.
Хитойнинг 38 нафар бизнесменининг бойлиги эса 177 миллиард долларга ортган. Хусусан, China Evergrande Group асосчиси Хуэй Ка Ян 25,9 миллиард доллар ишлаб топиб, даромадининг даражаси бўйича Жефф Безосдан кейинги ўринни эгаллаган.
Изоҳ (0)