Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш бошлангани олдинроқ хабар қилинган эди. Бош прокуратура сайтида текшириш якунлари ва кўрилган чора ҳақида маълумот берилди.
Айтилишича, текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши томонидан Д. Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Текшириш натижасига кўра, Д. Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди.
Суд қарори билан Д. Раҳматуллаев МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди.
Маълумот учун, ЭКИҲнинг 30 баравари 5167200 сўмга тенг.
Изоҳ (0)