25 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Президентининг 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган мурожаатномасида баён этилган, жамиятнинг маънавий юксалишидаги маданият ва санъат аҳли олдида турган вазифаларни бажариш бўйича маданият вазирлиги, бадиий академия ва ижодий ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилиб, бу борадаги ишларни фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Давлат раҳбарининг «Ўзбекистон бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Шунга қарамай, мажлисда бадиий академия фаолиятида бир қатор камчилик ва муаммолар учраётгани, уларни тезлик билан бартараф этиш лозимлигига эътибор қаратилди.
Тегишли мутасадди раҳбарларга П. Беньков номидаги Республика рассомлик коллежида 400 ўринли, Республика дизайн коллежида 200 ўринли ўқувчилар турар-жойини қуриш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш юзасидан топшириқ берилди.
Мажлисда маданият ва санъат соҳаларида сидқидилдан хизмат қилаётган ижодий ва техник ходимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг уй-жой, ижтимоий ва тиббий шароитларини яхшилаш, гонорарлар миқдорини ошириш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини юзага чиқариш бўйича олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш ғоят муҳим вазифалардан бири экани алоҳида қайд этилди.
Изоҳ (0)