Жорий йилнинг 3 декабрь куни Тошкент шаҳридаги «Пойтахт» савдо мажмуаси ёнида Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган Lexus русумли автомашина эгаси ва унинг ёнида ўтирган аёл Қашқадарё ва Хоразм вилоятларидан Тошкент шаҳрига ишлаш учун келган икки нафар фуқарони «Бу ер тошкентликларнинг жойи, биз бу ерга солиқ тўлаймиз, сизлар келгиндилар» деб ҳақорат қилган. Бу ҳақда «1news.uz» хабар бермоқда.
Ушбу ҳолат бўйича тегишли ички ишлар органларига мурожаат қилинган.
Кейинчалик маълум бўлишича, ҳақорат қилган фуқаролар Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаролар Н.Аскаров ва Ж.Толиповалар (фамилиялар ўзгартирилган) бўлишган.
Мазкур нохуш ҳолатлар бўйича жорий йилнинг 14 декабрь куни Тошкент шаҳар Миробод туман маъмурий суди томонидан очиқ суд мажлиси ўтказилиб, ҳуқуқбузарлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаси билан жавобгарликка тортилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар» деб қатъий белгилаб қўйилган.
Изоҳ (0)