Тошкентнинг INVIVO клиникасида Ўзбекистон тарихида биринчи марта кохлеар имплантация ўтказилди. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.
Операция халқаро симпозиум доирасида россиялик мутахассислар томонидан ўтказилди. Амалиётга Россия аудиология ва эшитишни протезлаш илмий-клиник маркази профилактика ва коррексия бўлими бошлиғи профессор Нели Милешина раҳбарлик қилди.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили карлик ёки эшитиш қобилияти заиф 300–400 бола туғилади. Кохлеар имплант уларнинг эшитиш қобилиятини тиклаш имконини беради.
Ушбу метод эшитиш аппаратлари эшитиш қобилиятини етарли даражада тикламаган пайтда қўлланади.
Клиникада 4 ёшли болага имплантация бўйича операция ўтказилди. Айтилишича, болакай нотўғри белгиланган препаратлар туфайли эшитиш қобилиятини йўқотган. Медиклар операция хонасида суратга олишга рухсат берди.
Кейинги кунлар давомида яна бир неча бола шундай амалиётдан ўтказилди. Таъкидланишича, имплантация жараёнлари барча ҳолатларда муваффақиятли ўтди.
Изоҳ (0)