Ўзбекистон футбол федерацияси йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимини ўтказди. Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида бўлиб ўтган тадбирга Ўзбекистон футболидаги энг таниқли шахслар таклиф этилди.
Унга кўра, Қаршининг «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев 2017 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб топилди. Унинг бошқарувида «Насаф» чемпионатни вице-чемпион сифатида якунлаб, Осиё Чемпионлар Лигасига етиб борди. Шунингдек, Ўзбекистон Кубогининг ярим финалида тўп сурди.
Бердиев йил якуни арафасида Ўзбекистон миллий терма жамоасини ҳам майдонга бошлаб чиқишга муваффақ бўлди. Унинг бошқарувида Олий Лига етакчиларидан тузилган жамоа Альберто Дзаккерони мураббийлигидаги БААга имкониятни бой берганди — 0:1.
«Championat.asia» нашрининг маълумот беришича, Бердиев бундай номга фаолияти давомида учинчи бор сазовор бўлган. У 2013 ва 2016 йилларда ҳам Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи бўлишга эришган. Бу борада рекорд Юрий Саркисянга тегишли бўлиб, узоқ йиллар давомида Фарғонанинг «Нефтчи» клубини бошқарган Саркисян беш бор Ўзбекистонда тенгсиз бўлган.
Ўзбекистон Олий Лигасининг шу мавсумида 26 та гол уриб, яққол тўпурар бўла олган ҳамда «Локомотив»нинг кетма-кет иккинчи «Олтин дубл»ига катта ҳисса қўшган Марат Бикмаев йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга эришди. Бу борада у рақобатчилари ҳисобланган «Насаф» аъзоси Баҳром Абдураҳимов ҳамда «Бунёдкор» вакили Отабек Шукуровни ортда қолдирди.
Изоҳ (0)