КХДР етакчиси Ким Чен Ин Пхеньяннинг янги турдаги қурол-яроғлар яратиш соҳасидаги муваффақиятларини қайд этиб, мамлакатни «дунёдаги энг қудратли ядровий ва ҳарбий давлат»га айлантириш мақсадини қўйди, деб ёзади «ТАСС». Бундай баёнот билан у мудофаа саноати ишчилари қурултойида чиқиш қилди.
«Олий етакчи мудофаа самоатини ривожлантириш учун амалга ошириш керак бўлган узоқ муддатли мақсадларни, стратегик вазифаларни белгилаб берди. Шунингдек, у мамлакатимизни янада буюклаштириш ҳамда уни дунёдаги энг қудратли ядровий ва ҳарбий давлатга айлантириш ҳақида кўрсатма берди», — дейилади Марказий телеграф агентлиги хабарида.
Бундан ташқари, Ким Чен Ин стратегик қурол-яроғ, шу жумладан, атом ва водород бомбалари, шунингдек, «Хвасон-15» қитъалараро баллистик ракета яратилишини «партия ва халқнинг тарихий ғалабаси» деб атади. Унинг сўзларига кўра, КХДР мудофаа саноати ҳозирги ҳолатида мустақил равишда қурол-яроғнинг ҳар қандай турини яратиш имконини беради.
Изоҳ (0)