АҚШ Олий суди 4 декабрь, душанба куни президент Дональд Трампнинг иммиграцияга оид фармони амалда бўлишини тиклади. Бу ҳақда суд матбуот хизмати тарқатган баёнотда маълум қилинди, дея хабар беради «ТАСС».
Ҳужжатда 9 судьядан 7 нафари Вашингтон маъмуриятининг давлат раҳбари сентябрда имзолаган янги фармонга қуйи инстанциялар қўйган тақиқни бекор қилиш ҳақидаги сўровини қондириш учун овоз бергани билдирилган.
Шу тариқа, суд қарори Сурия, Эрон, Чад, Яман, Ливия ва Сомали, шунингдек, Шимолий Корея ва Венесуэла фуқаролари АҚШга киришини ман этишга рухсат беради.
Баёнотда суд қарорига изоҳ берилмаган, бироқ мазкур иш бўйича қуйи инстанциялар — Сан-Франциско (Калифорния штати) ва Ричмонд (Виржиния штати) апелляция судларида жараён давом этиши кутилаётгани таъкидланган. Шу ҳафтада уларда жорий этилаётган тақиқ президентнинг иммиграция соҳасидаги ваколатларига нечоғли мувофиқ келиши юзасидан томонлар мунозараси бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)