4 декабрь куни Россиянинг Приморье ўлкасидаги Уссурийск шаҳрида етти ёшли Александр армияга чақирув қоғозини олди, деб хабар беради TJournal.
Александр 2010 йилда туғилган бўлса-да, чақирув қоғозида у 2018 йилда 18 ёшга тўлиши ҳақида ёзилган. Чақирувда иккинчи синф ўқувчиси 13 декабрь куни ҳарбий комиссариатга келиши шартлиги белгиланган.
Қонун бўйича агар у белгиланган муддатда ҳарбий комиссариатга келмаса, маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилади.
Александрнинг буваси чақирув қоғозига юмор билан ёндашди ва набирасини ўша куни ҳарбий комиссариатга олиб боришини маълум қилди. «Мен собиқ ҳарбийман ва биз буйруқларни сўзсиз бажарамиз», — дейди у.
Ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози ҳаммаси бўлиб уч нафар етти ёшли болага жўнатилган. Комиссариат ходимлари вазиятни ҳарбий хизматга чақирилувчилар рўйхатидаги хатолик билан изоҳлаган.
Изоҳ (0)