Тошкентда ўтказилган «Тозалаш-антитеррор» тадбири давомида Қирғизистонда қидирувга берилган шахс ушланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилди.
Хабарга кўра, 25 ноябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан ўтказилган «Тозалаш-антитеррор» тадбири жараёнида Мирзо Улуғбек туманида жойлашган «Саёҳат» меҳмонхонаси ёнида 1973 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси, у ерда қотиллик жиноят содир этгани учун қидирувда бўлган Абдураҳмонов Соибжон Маҳмуджонович ушланди.
Ундан ўзининг номига расмийлаштирилган ва ўзининг сурати туширилган, лекин бошқа шахснинг анкета маълумотлари кўрсатилган Россия фуқаролик паспорти расмийлаштириб олинган.
Фуқаро билан олиб борилган суриштирув жараёнида ўзининг фотосурати туширилган, лекин бошқа шахснинг анкета маълумотлари киритилган Россия паспортини Омск шаҳрида қалбакилаштирганлиги, ушбу паспортдан МДҲ давлатларида фойдаланганлиги аниқланган.
25 ноябрь куни С.М. Абдураҳмонов Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сонли Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиб, ҳозирда уни Қирғизистонга этап қилиш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ (0)