Синайдаги масжидда 24 ноябрь куни юз берган теракт ислом ва инсонийлик ақидаларига мутлақо зид. Бу ҳақда Туркия бош вазири Бинали Йилдирим фикр билдирди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
«Биз Мисрдаги жирканч терактни қатъий қоралаймиз. Жума намози вақтида масжиддаги намозхонларга қарата гранаталар улоқтириш ва уларни ўққа тутиш ҳам ислом ақидаларига, ҳам инсонийлик талабларига зиддир», — деди Йилдирим Истанбулдаги тадбирда қилган чиқиши чоғида.
Аввалроқ Синайдаги масжидда юз берган теракт муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисийга ҳамдардлик билдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Синай шимолидаги Бир ал-Обид шаҳридаги масжидга террорчилар томонидан амалга оширилган ҳужум оқибатида 305 киши ҳалок бўлган. Миср расмийларига кўра, ҳужумга алоқадор барча жангарилар йўқ қилинган.
Изоҳ (0)