Боровский коллежи талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбдор деб топилган ўсмир, марҳумнинг курсдоши Исломбек Тўлагановнинг адвокатлари қайтадан тергов ўтказишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар берди.
Тўлагановни судда ҳимоя қилган адвокатлар ҳукм устидан Тошкент шаҳар судига апелляция шикоятини киритди. Мурожаатда айтилишича, судланувчининг ҳимояси Миробод туман судининг қароридан норози бўлиб, уни юқорироқ инстанцияда қайта кўриб чиқишни талаб қилади.
Юристлар янги суд терговини ўтказиб, Тўлагановга ўқилган ҳукмни ўзгартиришни талаб қилмоқда. Улар бўлиб ўтган воқеаларнинг асосий айбдорлари сифатида марҳумнинг ўзи, ихтилофни бошлаб бергани айтилаётган Жасурбек Иброҳимовни ҳамда болани қутқариш имконига эга бўлатуриб, бу ишни амалга оширмаган тиббиёт ходимларини кўрсатмоқда.
Бу шикоят асосидаги биринчи йиғилиш 1 декабрь куни жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтади.
Ўз навбатида, жабрланувчи томоннинг адвокати Лола Исмоилова яқин вақт ичида прокуратурага ихтилофнинг қолган иштирокчилари устидан иш қўзғатиш талаби билан ҳужжатлар топширилишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 30 октябрь куни жиноий ишлар бўйича Миробод туман суди Исломбек Тўлагановни Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида айбдор деб топиб, унга нисбатан олти йиллик қамоқ жазосини белгилаган эди.
Изоҳ (0)