Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Вилоят туман ва шаҳарлари ихтисослашувига кўра чуқур таҳлил қилиниб, тўрт секторга бўлинди. Вилоят давлат солиқ бошқармасига Гулистон ҳамда Мирзаобод туманлари бириктирилди. «Йўл харитаси»га асосан ҳудудлар ҳокимлари томонидан ушбу масала бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, 34 нафар ходимдан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилди.
Ҳудуддаги 42 маҳалла фуқаролар йиғинида 140 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Фуқароларнинг мавжуд икки минг 970 гектар томорқадан унумли фойдаланиши учун барча шароит яратилмоқда. Икки туман ҳудудидаги 211 эҳтиёжманд оилага тижорат банкларининг 637 миллион 600 минг сўмлик кредит маблағи ажратилди.
«Йўл харитаси»да белгиланган тадбирлар ижросини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида шу йил 12 август куни бошқарманинг махсус ҳужжати қабул қилинди. Унга кўра, бошқарманинг 19 ходими 33 минг 851 оилага бириктирилди ва уларга ҳар бир оилага кириб, томорқадан, тижорат банкидан олинган кредитдан мақсадли фойдаланиши ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудуддаги бандлик бўлимларига мурожаат қилган бир минг 87 нафар фуқаронинг 812 нафари ишга жойлаштирилди. Ҳали ишсиз бўлган фуқаролар бандлигини таъминлаш учун ижросини кутаётган лойиҳаларни амалга ошириш талаб этилади.
Изоҳ (0)