Ўзбекистон фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари аҳолининг мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик ҳақида ҳуқуқий онги ҳамда хабардорлигини ошириш учун қайта алоқа каналини ва ўзаро ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф қилди, деб хабар берди «Газета.uz».
Ушбу таклиф 13 ноябрь куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиллари ва Ўзбекистон фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари — Шуҳрат Ғаниев, Елена Урлаева, Ўктам Пардаев, Ҳайитбой Ёқубов ва бошқалар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда илгари сурилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директорининг маслаҳатчиси Кари Тапиола Ўзбекистоннинг жорий йилда пахта теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасидаги ижобий ҳаракатларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Human Rights Watch вакили Стив Свердлов инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясидаги ҳисоботини ижобий баҳолаганини қайд этди.
Учрашувда муносиб меҳнат шароитларини яратиш, пахта йиғим-теримида мажбурий ҳамда болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик каби бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)