Тошкентда 8 ноябрь куни кетма-кет вафот этган уч опа-сингилнинг ўлими сабаблари ҳозирча номаълум. Бу ҳақда, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига асосланиб, «Nuz.uz» хабар бермоқда.
Вазирлик вакилларининг маълум қилишича, вафот этган қизлар 4, 7 ва 10 ёшда бўлган. Олмазор туманининг Тансиқбоев-3 даҳасида истиқомат қилган қизалоқларнинг бари шифохоналарда вафот этган.
«8 ноябрь куни соат 20:00 атрофида 4 ёшли қизалоқ Республика ихтисослашган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказига олиб келинган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, бола шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган. Унинг икки опаси эса юқумли касалликлар илмий-текшириш институтига ётқизилган, афсуски, улар ҳам шифохонада вафот этган», — дейди вазирлик вакили.
Вазирлик матбуот хизматидан маълум қилишларича, ҳозирги вақтда мазкур иш юзасидан Олмазор туман прокуратураси суриштирув олиб бормоқда. Суд-тиббий экспертизасининг расмий хулосаси 15 ноябрь, чоршанба куни эълон қилиниши кутилмоқда (UzNews эса ўз манбасига асосланиб, экспертиза хулосалари 10 кун ичида эълон қилиниши ҳақида ёзмоқда).
Дастлабки хабарларда болаларнинг ўлимига қийма кабоб ёки дори воситалари сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзилган эди. UzNews ва «Новости Узбекистана»нинг ёзишича, кабоб ва доридан аввал қизалоқлар исми ошкор этилмаётган табиб томонидан тайёрлаб берилган гижжага қарши дамламани истеъмол қилган бўлган.
Изоҳ (0)