Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан тақиқланган материаллар ҳамда махсус рухсатномалар талаб этувчи товар-моддий бойликларни ноқонуний олиб ўтишга ҳаракат қилган йўловчи фош этилди. Бу ҳақда «Дарё»га давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, божхона чегараларини кесиб ўтаётган жисмоний шахслар ўзлари билан олиб ўтаётган товарлар ҳақида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимининг оғзаки сўровлари пайтида маълум қилиши шарт. Бу талабни «Домодедово – Самарқанд» йўналиши билан ҳаракатланган фуқаро Н. Исмаилов четлаб ўтмоқчи бўлди.
Н. Исмаилов божхона ходими билан ўтказилган оғзаки сўровида ўзи билан олиб кирилиши тақиқланган аудио ва видеоёзувлар ҳамда йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган товарлар йўқлигини маълум қилди. Аммо унга тегишли бўлган багаж ва сумкалар божхона назоратидан ўтказилганда йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган 60 дона ҳар бири 1 литр ўлчамли идишларга қадоқланган «Акарицид» номли қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши ишлатиладиган дори воситаси, тўрт дона Эдам СЕ-3 маркали эликтрокардиограф ва битта ДУС 60 номли тиббиёт мосламаси олиб киргани аниқланди.
Шу билан бирга, Н. Исмаиловга тегишли уяли телефон текширилганда, унда 100 та беҳаё видеофайл борлиги маълум бўлди.
Экспертиза хулосаларига кўра, уяли телефонда мавжуд файлдаги видео тасвирлар порнографик мазмунга эга эканлиги, «Акарицид» номли дори воситаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида рухсат этилган ҳимоя воситалари рўйхатига киритилмаганлиги, олинган икки турдаги тиббиёт буюмларини сотиш ва тиббиёт амалиётида қўлланиши тақиқланганлиги қайд этилди. Н. Исмаиловдан олинган товарларнинг қиймати салкам 90 млн. сўмни ташкил этади.
Унга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилди.
Изоҳ (0)