Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия ҳамкорлигида умумтаълим мактабларида давоматни яхшилаш, дарс вақтида ўқувчи-ёшларнинг бозорлар, интернет клублари ва бошқа кўнгилочар масканларда бўлишининг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилди, деб ёзади «Зарафшон» газетаси.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 8-умумтаълим мактабидаги таълим сифати, ўқувчилар давомати ҳамда бошланғич ташкилот етакчиси фаолияти ўрганилганда давомат 92,4 фоизни ташкил этиши, айрим ўқув хоналаридаги санитария ҳолати талаб даражасида эмаслиги маълум бўлди.
Ургут туманидаги 54, 37-умумтаълим мактабларидаги давомат 90,1 фоизни ташкил қилган ҳолда дарс машғулоти вақтида бозорда икки нафар ўқувчининг савдо ишлари билан шуғулланаётгани, Оқдарё политехника коллежининг уч нафар ўқувчиси интернет клубида юргани аниқланди.
Нуробод туманидаги 41, 67-умумтаълим мактаблари, маиший хизмат касб-ҳунар коллежида ўқувчилар формаси жорий қилинмагани, дарсликлар етишмаётгани, ўқитувчиларнинг дарсларни кўргазмали воситаларсиз ўтаётгани, тўгараклар фаолияти йўлга қўйилмагани, журналлар вақтида тўлдирилмаётгани кузатилди.
Пахтачи туманида эса бир нафар вояга етмаган ўқувчи интернет-клубда, саккиз нафари бозорда юргани маълум бўлди.
Тадбирлар якунида салбий ҳолатларни баратараф этиш, жойлардаги профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг масъулиятини янада ошириш, жамоатчиликнинг ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Изоҳ (0)