Ўзбекистон Суперлигаси 18-тури доирасидаги марказий баҳсда “Нефтчи” жамоаси ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилди. Қизиқарли ва кескин курашларга бой тарзда кечган ўйинда фарғоналиклар минимал 1:0 ҳисобида зафар қучди.

24-дақиқада “Нефтчи ”футболчиси Фарруҳ Сайфиев қизил карточка олиб, майдонни тарк этди ва мезбонлар ўйинни бир киши кам бўлиб давом эттиришга мажбур бўлишди.
Учрашувдаги ягона гол 28-дақиқада пенальти орқали киритилди. Зафармурод Абдураҳматов томонидан Алишер Одиловга нисбатан содир этилган қоида бузилиши учун ҳакам Илгиз Танташев 11 метрлик жарима зарбасини белгилади. Уни Жамшид Искандеров аниқ амалга ошириб, “Нефтчи”ни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Қолган дақиқаларда ҳам ҳар икки жамоа фаоллик кўрсатди, аммо дарвозалар бошқа ишғол қилинмади. Шу тариқа, “Нефтчи” қийин баҳсда муҳим 3 очкони қўлга киритиб, очколар сонини 36 тага етказди ва турнир жадвалида иккинчи ўринга кўтарилди. 37 очкога эга “Насаф” эса биринчи ўриндаги мавқеини сақлаб қолди.
Ўзбекистон Суперлигаси
18-тур
11 август, душанба
“Нефтчи” — “Насаф” 1:0
Гол: 1:0 — Искандеров (28, пенальти)
Четлатиш: Фарруҳ Сайфиев (24)
Изоҳ (0)