Сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясида Австралия “Фаластин халқининг ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқини” расман тан олади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Энтони Альбанезе 11 август куни журналистларга маълум қилди.

“Исроил ва Фаластин давлатчилиги узоқ муддатли бўлмаса, тинчлик фақат вақтинчалик бўлиши мумкин”, дея таъкидлади у.
Альбанезенинг айтишича, Фаластин миллий маъмурияти вакиллари уни “ҲАМАС террорчилари келажакдаги Фаластин давлатида ҳеч қандай рол ўйнамаслиги”га ишонтирган.
Янги Зеландия ташқи ишлар вазири Уинстон Питерс эса Фаластин давлатини тан олиш имконияти кўриб чиқилаётганини билдирган.
“Бош вазир Кристофер Люксон ҳукумати сентябрь ойида расмий қарор қабул қилади ва БМТ раҳбарлари ҳафталигида ҳукумат нуқтаи назарини тақдим этади”, дейди у.

Питерснинг таъкидлашича, мамлакатнинг айрим яқин ҳамкорлари Фаластин давлатини тан олишга қарор қилган бўлса-да, Веллингтон мустақил ташқи сиёсат олиб бормоқда.
“Биз бу масалани синчиклаб ўрганиб чиқмоқчимиз, сўнгра Янги Зеландиянинг тамойиллари, қадриятлари ва миллий манфаатларига мувофиқ ҳаракат қилмоқчимиз”, деди Питерс ўз баёнотида.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат Фаластин ҳудудлари Янги Зеландия тан олиши мумкин бўлган барқарор ва қонуний давлатга айланиши учун етарли даражада ривожланганини баҳолаши лозим.
Франция аввалроқ Фаластин давлатини ҳеч қандай шартларсиз тан олишга ваъда берган эди, Малта ҳам унга эргашди. 2023 йил октябрь ойидан бери Норвегия, Ямайка, Испания, Ирландия, Арманистон, Багама ороллари, Словения, Барбадос ҳамда Тринидад ва Тобаго аллақачон Фаластинни тан олган.
Изоҳ (0)