Тошкент шаҳар ИИББ планшетлар ёрдамида реал вақт режимида фуқаролар шахсини аниқлаш бўйича лойиҳани ишга туширди. Бу ҳақда 2 ноябрь куни бўлиб ўтган ҳафталик брифингда ИИББ ППХ бригада командири ўринбосари подполковник Азиз Султонов баёнот берди, деб хабар қилади «Газета.uz».
Унинг сўзларига қараганда, лойиҳа планшет компьютерларидан нафақат фуқароларнинг яшаш жойини аниқлаш, балки уларни бармоқ излари ёки юз таниш технологияси ёрдамида идентификация қилишни назарда тутади. Бу «Хавфсиз шаҳар» концепциясининг бир қисми бўлади.
Планшетлар ёрдамида ички ишлар органлари ходимлари навбатчи қисм билан боғланиб, фуқаронинг исм-фамилияси асосида унинг судланган-судланмаганини, қидирувда эканлиги-эмаслигини ёки бедарак йўқолганлар рўйхатида бор-йўқлигини аниқлай олади.
ИИББ вакили Ўзбекистон ИИВ структураларида шиддатли компьютеризация давом этаётганини, бу жараён ўтган йили бошланганини маълум қилди.
«Ходимлар мобил, тезкор ва самарадор ишлаши учун барча иш қилинмоқда. Улар бир киши идентификациясига икки соат эмас, беш дақиқа сарфлаши учун. Лойиҳа давомида биз турли ускуналарни синовдан ўтказиб, энг оптималини танлаймиз», — деди Азиз Султонов.
ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев минглаб планшетларнинг олиниши фуқаролар шахсини аниқлаш жараёнинин осонлаштиришини таъкидлаб ўтди.
Чет элда ишлаб чиқарилган планшет компьютерлари фойдаланиш учун олиниши мумкин, аммо уларга маҳаллий мутахассислар ишлаб чиққан дастурий таъминот ўрнатилади.
Журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, Азиз Султонов Тошкентда кечки соатларда кўчаларда ва жамоат жойларида бўлишга тақиқ йўқлигини таъкидлаб ўтди.
«Фуқаролар муаммоларсиз тунги соатларда кўчаларда юриши, сайр қилиши, ишга бориши, у ердан қайтиши мумкин. Ички ишлар органлари томонидан кечки соатларда олиб бориладиган тадбирлар профилактик бўлиб, ҳуқуқбузарликнинг олдини олишга қаратилган», — қайд қилиб ўтди у.
Бундай тадбирлар доирасида жиноят содир этишга мойил, шубҳа уйғотувчи ёки «мақсадсиз сайр қилиб юрган» фуқаролар текширилади.
У шу пайтга қадар ички ишлар бўлинмаларига фуқаролар шахсини таниш учун олиб келинганини тан олди.
«Аммо ҳозир янги технологиялар жорий этилмоқда, улар шахсни жойида, икки-уч дақиқада идентификация қилиш имкониятини беради», — деди у.
Профилактик тадбирлар ва янги технологиялар ишлатилиши муносабати билан жорий йилнинг ўн ойида қидирувдаги 146 шахс ушланди, ППХ ходимлари 1443 жиноятни фош этди, 250 жиноятнинг олдини олди, 138,8 минг ҳуқуқбузарлик қайд этилди.
Тошкентнинг АКТдан фойдаланиш тажрибаси Ўзбекистоннинг барча вилоятларида босқичма-босқич жорий этилади.
Изоҳ (0)