Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг маълум қилишича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилиш — янги сиёсий даврнинг белгиси бўлиши керак, деб хабар берди «Газета.uz».
25 октябрь куни HRW етти йилдан буён биринчи марта бевосита Ўзбекистон ичида инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказган тадқиқотининг хулосаларини эълон қилди. Ташкилот Шавкат Мирзиёев президентлигининг биринчи йилидаёқ инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича вазиятни яхшилашга катта қадам ташланганини қайд этди ва «ушбу қадамларни тизимли ислоҳотларга айлантириш ва уларга барқарор динамикани бериш»га чақирди.
Ташкилот 2017—2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегияси дастурида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси халқаро меъёрларга тенглаштирилиши ҳақида сўз борганлигини, кенг тармоқли халқ қабулхоналарининг яратилганлигини алоҳида таъкидлади.
«Ҳукумат янги сиёсий йўналишнинг ўзармаслигини таъминлаши, инсон ҳуқуқлари борасида халқаро мажбуриятларга риоя этишда олдинга ҳаракат қилиши керак», — дейилади Human Rights Watch ҳисоботида.
Изоҳ (0)