Япония бош вазири Синдзо Абэ АҚШ президенти Дональд Трампнинг мамлакатга ташрифи давомида унга Ҳиндистон ва Австралия иштирокида олий даражадаги тўрт томонлама стратегик мулоқотни таклиф этади. Бу ҳақда Япония ташқи ишлар вазири Таро Коно маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Япония катта стратегик ҳаракатларга алоқадор бўлиш учун дипломатик уринишларни амалга ошириши лозим бўлган даврда яшаяпмиз. Бу океанда эркинлик ва ошкораликни таъминлаш учун керак. Албатта, иқтисодиёт ва хавфсизлик масалалари ҳам четда қолмайди», — изоҳ берди вазир.
Nikkei нашрига кўра, бундай қадам, жумладан, «Бир камар — бир йўл» ташаббуси доирасида минтақа ва ундан ташқарида фаоллигини ошираётган Хитойга қарши туриш учун зарур.
Таро Коно бу таклифни август ойида Маниладаги учрашув давомида америкалик ва австралиялик ҳамкасблари билан муҳокама қилганини билдирди.
Маълумот учун, Трамп 5—7 ноябрь кунлари Японияга ташриф буюради. КХДР билан боғлиқ вазият кун тартибидаги асосий масала бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)