Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган имкониятлари чекланган болаларга мўлжалланган 125-ихтисослашган мактаб-интернатда давлат мулкини талон-торож қилиш фактини фош қилди. Бу ҳақда «Anhor.uz» хабар бермоқда.
МХХнинг вилоят бошқармаси ушбу ўқув юртида давлат мулки, шунингдек, хайрия маблағлари ўзлаштирилаётгани ҳақида маълумотга эга бўлди. Шу маълумот асосида 148 ногирон бола тарбияланадиган, 49 ходим ишлайдиган даргоҳнинг молия-хўжалик фаолияти ва санитар-гигиена ҳолати комплекс текширувдан ўтказилди.
Текширув чоғида халқ депутатлари туман кенгаши депутати ва айни пайтда мактаб директори, 53 ёшли Турсун Казакова мансабини суиистеъмол қилиб, ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан давлат мулкини ва хайрия маблағларини ўзлаштириб келгани аниқланди.
У ўқув юртини 2004 йилдан буён бошқариб келган. Шу даврдаги фаолият давомида ўзлаштирилган сумма 677,4 миллион сўмни ташкил этиши аниқланди.
Бундан ташқари, Казакова 2015–2016 йилларда турли молиявий махинациялар туфайли давлатга 100 миллион сўм зарар етказгани аниқланди.
Ниҳоят, Турсун Казакова болаларга етказиладиган маҳсулотни ҳам талон-торож қилиши маълум бўлди. У танишларига тегишли хусусий фирмалар билан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномалар тузган, бу эса ўрнатилган талабларнинг бузилиши ҳисобланади.
Болаларга овқат тайёрлашда зарур санитария-гигиена қоидаларига риоя этилмаган.
Шу муносабат билан Турсун Казакова депутатлик мандатидан маҳрум этилди, унга нисбатан вилоят прокуратураси жиноий иш қўзғатди.
Жиноий ишлар бўйича Бўстонлиқ туман суди жавобгарни айбдор деб топиб, давлатга етказилган зарарнинг қопланганини инобатга олиб, маошининг 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан икки йиллик ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум қилди.
Изоҳ (0)