Кембриж университети сайти Стивен Хокинг диссертациясини ўқишни истаганлар сони кўплиги сабабли ишдан чиқди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Машҳур физик олимнинг 24 ёшида ёзган «Кенгаювчи коинотлар хусусиятлари» номли диссертацияси 23 октябрь, душанба куни илк бор Кембриж университети сайтида жойлаштирилди.
Бир суткадан камроқ вақт мобайнида Хокингнинг иши билан танишиш ёки кўчириб олиш учун 60 мингдан ортиқ киши сайтга кирди. Олдинлари диссертацияни фақат университет кутубхонасида ўқиш ёки 86 доллар эвазига рақамли нусхасини олиш мумкин эди.
«Шунчалик кўп одам диссертациям билан танишиш истагини билдиргани ажойиб. Уларнинг бундан ҳафсаласи пир бўлмайди, деб ўйлайман», — деди Хокинг ва бошқа олимларни ҳам илмий ишларини оммага тақдим этишга чақирди.
Изоҳ (0)