Қўқон шаҳар ИИБ навбатчилик қисмига «Сунбула» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан Captiva русумли автомашина олиб қочилгани ҳақида хабар келиб тушди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жабрланувчининг таъкидлашича, у машинасида уйига қайтганида 2 нафар ниқобли шахс олдига келиб, бири қўлидаги тўппончага ўхшаш буюм билан қўрқитиб, машинага чиқиб ўтиришини айтади. Шу пайт жабрланувчининг турмуш ўртоғи уйидан чиқиб, шовқин кўтариб, оила аъзоларини ёрдамга чақиради. Номаълум шахслар эса автомашинани олиб қочади.
Машина салонида жабрланувчига тегишли iPhone 6 русумли телефон аппарати ва 60 минг сўмга яқин пул ҳам бўлган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу босқинчилик жиноятини Қўқон шаҳрида яшовчи 1994 йилда туғилган Т.А ва 1996 йилда туғилган М.А содир этганлиги аниқланиб, ушланди. Улардан жиноят содир этишда фойдаланилган ашёвий далиллар олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)