Россия президенти Владимир Путин «Валдай» халқаро мунозара клуби йиғилишидаги чиқиши чоғида Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоевга Сурия бўйича Остона музокараларини ташкиллаштиргани учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Kazakhstan Today хабар бермоқда.
«Сурияда вазиятни изга солиш ва Остона жараёнига келсак, Қозоғистон ва президент Назарбоевга биз ҳамда бошқа қатнашчиларга шундай майдон тақдим этилгани учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу жуда қулай жой, чунки Қозоғистон минтақадаги мураккаб ички масалаларга ҳеч қачон аралашмаган, аксинча, нуфузли воситачи ҳисобланади», — деди Россия етакчиси.
Путин Остонадаги музокаралар доирасида Қозоғистон президенти ўз зиммасига олган масъулиятни эътироф этиб ўтди.
«Шундай пайтлар бўлдики, президент Назарбоев барча можаро томонлари ва келишув иштирокчиларини музокаралар столи атрофида тутиб туриш учун ҳатто маълум бир масъулиятни зиммасига олишига тўғри келди. Бу жуда ижобий ҳолат, бунинг учун жуда миннатдормиз», — таъкидлади Владимир Путин.
Изоҳ (0)