Бангкок аэропортлари келгуси ҳафтада Таиланд қироли Пумипон Адульядет (Рама IX) билан видолашув маросими туфайли йўловчиларга тўлиб-тошиши кутилмоқда. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Таиланд аэропортлари» бошқарувчи компаниясига кўра, Бангкокнинг икки ҳаво қўналғаси — «Суваннапхуми» ва «Дон Мианг» 23—31 октябрь кунлари 14,8 минг ички ва халқаро рейсда 3 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатади. Бу одатдагидан кўра анчайин кўп ҳисобланади.
Рама IX 2016 йил 13 октябрда оламдан ўтганди. Мамлакатда бир йиллик мотам эълон қилинди, жасад эса Катта қироллик саройига жойлаштирилди. Жасадни куйдириш 26 октябрга мўлжалланган ва Бангкокдаги Санам Луанг майдонида бўлиб ўтади. Бунинг учун майдонда баландлиги 50 метр бўлган махсус дафн тахтасупаси ўрнатилди.
Маросимда бевосита 7,5 минг киши иштирок этиши, видолашув манзили атрофидаги ҳудудларни эса 250 минггача бўлган одам тўлдириши кутилмоқда. Таиланддаги дафн маросимлари 25 октябрда бошланиб, 29 октябргача давом этади.
Изоҳ (0)