11–12 октябрь кунлари Лондон шаҳрида Ўрта асрлар буюк алломаси ва мутафаккири Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи «Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон» ҳужжатли фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда жамоат арбоби Лола Каримова-Тиллаеванинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.
Тақдимот маросимлари Британия пойтахтининг Regent Street Cinema кинотеатри ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кинозалида бўлиб ўтди.
Вестминстер университетининг Regent Street Cinema кинотеатри 1848 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёдаги энг қадимий кинотеатрларидан биридир. У Британия кинематографиясининг юраги бўлиб ҳисобланади.
Фильм тақдимотида Британия парламенти вакиллари, жамоат ва давлат арбоблари, академик доира вакиллари, хорижий элчилар ҳамда туристик компаниялар ва ОАВ иштирок этди. Тадбирда, шунингдек, 2016 йилда мазкур фильмнинг съёмкалари ўтказилган Британия музейи, Бодлеан кутубхонаси, Оксфорд университетининг Сент-Жонс коллежи музейининг эксперт ва олимлари иштирок этди.
12 октябрда ҳужжатли фильм Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг бош қароргоҳида ҳам намойиш этилди. Лондон-ситининг марказида бўлиб ўтган ушбу тадбирда банк раҳбарияти ва ходимлари, бизнес доиралари вакиллари, Лондон-ситининг йирик компаниялари, Буюк Британия, Ирландия ва Норвегиядаги ўзбек диаспорасининг вакиллари, жами 300 га яқин меҳмонлар иштирок этди.
«Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси, Вестминстер университети, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда ушбу тақдимотни ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшган барча инсонларга миннатдорлигимни билдираман. Буюк аллома ва сулҳпарвар ҳукмдор, Шарқ Ренессанси даврининг энг ёрқин намоёндаларидан бири, кашфиётлари мана неча асрдирки инсониятни хайратга солиб келаётган шахснинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи кинокартина дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистон бой тарихий ва маданий меросига ҳамда мамлакатимизга туристик йўналишлардан бири сифатидаги қизиқишини бундан кейин ҳам ортиб бораверишига ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламан», — деди фильм продюсери, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева.
Кинокартина 74-Венеция кинофестивалида «Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм» номинациясида «Кинео» мукофотига сазовор бўлди ҳамда Искя оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида ғолиб бўлди.
Изоҳ (0)