Қирғизистон бош вазири ўринбосари Темир Жумақодировнинг хизмат автомобили билан тўқнашган «КамАЗ» ҳайдовчиси ҳибсга олинди ва 2 ой муддатга тергов изоляторига жойлаштирилди. Бу ҳақда K-News хабар бермоқда.
Қирғизистон ИИВ матбуот хизматига кўра, ҳайдовчига нисбатан «Ҳаракат хавфсизлиги ва транспорт воситалари эксплуатацияси қоидаларининг бузилиши» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.
«Мазкур иш ИИВ Тергов бош бошқармасининг шахсан назоратига олинган. Ҳайдовчи қонида алкоголь ва наркотиклар изи топилмади. Тергов давом этмоқда», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Бишкек—Чалдовар автомобиль йўлида Қирғизистон бош вазири ўринбосари Темир Жумақодиров ўтирган Toyota русумидаги автомобиль «КамАЗ» юк машинаси билан тўқнашиб кетиши оқибатида вазир ўринбосари, унинг ёрдамчиси ва ҳайдовчиси ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)