БМТ Суриянинг Дайр-аз-Зор вилоятига элтувчи йўллардан бири кесиб қўйилганлиги сабаб гуманитар ёрдамни ўз манзилига етказа олмайди. Бу ҳақда 6 октябрь, жума куни БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди, деб хабар берди «РИА Новости».
БМТ сўнгги бор Дайр-аз-Зор шаҳрига 27 сентябрь куни гуманитар ёрдамни етказган эди. Дюжаррикнинг сўзларига кўра, «шаҳар жанубида жойлашган ғарбий қишлоқлардаги жанглар йўлнинг кесилишига олиб келган ва ҳозирга қадар савдо ва гуманитар ёрдамларни етказишда фойдаланилмаяпти».
Дюжаррикнинг маълум қилишича, БМТ Дайр-аз-Зордаги миллионга яқин одамнинг аҳволидан хавотирда. Унинг сўзларига кўра, 4 октябрь, чоршанба куни бўлган жанглар оқибатида юзлаб оилалар вилоятнинг шимолига ва шаҳарнинг шарқига қараб қочган. «Кўплаб одамлар гуманитар ёрдамчилар кириши қийин бўлган жойларга кўчиб ўтган», — деди БМТ бош котибининг вакили.
ИШИД террорчилик ташкилотининг жангарилари январь ойининг охирида Дайр-аз-Зор шарқидаги ҳарбий-ҳаво кучларининг базасини қуршовга олиб, Сурия армиясининг мингдан ортиқ аскарини шаҳардан узиб қўйган эди. Гарнизон ўқ-дори захиралари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ҳаво орқали олиб турган.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)