Миробод туман судида Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан суд эшитувлари доирасида муштлашувнинг яна икки гувоҳ кўрсатма берди. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар бермоқда.
5 октябрь куни воқеа ҳақида судга Ҳурмат Ҳайитбоев ва Муҳаммад Пўлатов (Ўлмас) ҳикоя қилиб берди. Биринчи бўлиб коллежни битириб бўлган Ҳурмат Ҳайитбоев гапирди. Унинг сўзларига қараганда, 2-курс ўқувчилари улардан Ислом ва Жасур ўртасидаги ихтилофни бартараф этишни сўраган.
«Дўстим Темур Тўхтаев билан ошхонага бордик. Бизга 2-курсдан Темур Баязитов яқинлашди. У икки бола муносабатларига ойдинлик киритиб олмоқчи эканлигини айтиб, биздан ихтилофни бартараф этишни сўради. Бошида рад жавобини бердим. Лекин у илтимос қила бошлади. Сўнг биз рози бўлдик ва кўчага чиқдик», — деди Ҳурмат.
Гувоҳнинг уқтиришича, йигитлар мактаб томонга кетаётганида барча уларни қайтармоқчи бўлган, лекин Жасур фикридан қайтмаган. Гаражлар ортига ўтиб, Ислом ва Жасур дарров бир-бирига ташланган ва ерга йиқилган. Ҳурмат уларни ажратган. Кейин улар Жасурнинг туришига ёрдам берган, уст-бошини қоққан, сув олиб келган ва таксига ўтқазиб юборган. Икки гувоҳ ҳам марҳум яхши аҳволда бўлганини, воқеа жойидан ўз оёғида кетганини тасдиқлади.
«Биз унга трамватологияга боришни таклиф қилдик, лекин у бош тортди. Аҳволи яхшилигини, уйга бориб бироз ухлашини айтди», — деди Ҳурмат Ҳайитбоев.
Иккинчи гувоҳ Муҳаммад Пўлатов (Ўлмас) ҳам деярли шунақа кўрсатмалар берди. Таъкидланишича, гувоҳлар бир хил ибораларни ишлатгани яққол сезилди — «ихтилофни бартараф этишга ёрдам бериш», «Исломнинг пешонаси ёрилган, қўли лат еган эди», «Жасур Исломга ташланди, Ислом қўли ва оёғини олдинга чўзди». Судья, давлат айбловчиси ва адвокатлар аниқлаштирувчи саволлар бера бошлаганда эди гувоҳлар чалкаша бошлади. Улар асабийлашиб, тил билмаслигини (кўрсатмалар рус тилида берилди, улар ўзбек тилида фикрларини тушунтира олмаслигини иддао қилди) ва хотира ёмонлигини рўкач қилар эди.
Давлат айбловчиси томонидан муштлашувнинг сабаблари ҳақида аниқлаштирувчи савол берилди. Икки гувоҳ ҳам синглисига гўёки Жасур тегажоғлиқ қилган курсдошлари Дилшод ҳақида гапирди. Аммо қизнинг исми нима, у қаерлик, қаерда яшайди, қаерда ўқийди, ҳеч қайси айта олмади.
«Тиббиёт коллежи талабалари оддий терминологияда адашаётгани ғалати эди — Ҳурмат Жасурнинг зарбасидан сўнг Исломбекнинг пешонасида ғурра кўрган эди, аммо бу ғурра эртасига йўқолиб қолган. Ўлмас эса дўстининг юзида шиш кўрганини айтди. Исмаилова ёллаган адвокатнинг Ислом орқасидан Жасур югуриб келаётганини қандай билгани ҳақидаги саволига жавобан Ўлмас бу нарсани эслай олмаслигини айтди. Аммо судланувчининг суд залида бўлган онаси ўғлининг дўстига буни эслатиб қўйишга қарор қилди. Ислом Тўлагановнинг онаси гапга аралашгани учун судья Матчонов уни огоҳлантирди. Судьянинг сўзларига қараганда, бундан кейин бу каби ҳаракатлар учун у суд залидан чиқариб юборилади», — дейилади материалда.
Изоҳ (0)