Тошкентнинг Учтепа туманида жойлашган Тошкент юридик коллежи ҳудудида шу коллежнинг уч ўқувчиси ўртасида 6 октябрь куни юз берган келишмовчилик улардан бирининг ўлими билан тугади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
ИИББ матбуот хизматининг ёзишича, 6 октябрь куни соат 10:05 да Учтепадаги Тошкент юридик коллежида шу коллежнинг 3-босқич ўқувчилари — 2000 йилда туғилган Саидкамрон Саидвоҳидов, Асадбек Парпибоев ва 1999 йилда туғилган Раҳматилла Ёрқориев ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.
«Оқибатида ўзаро жанжаллашиб, Саидкамрон Саидвоҳидов пичоқ билан Асадбек Парпибоев ва Раҳматилла Ёрқориевнинг чап оёқ сон қисмига бир мартадан уриб тан жароҳати етказган», — дейилади ИИББ ахборотида.
Натижада Парпибоев «Чап сон юқори учлиги санчилиб кесилган жароҳати. Фаол қон кетиши» ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (РШТЁИМ)га ётқизилган ва олган жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган. Ёрқориевга РШТЁИМда амбулатор тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига юборилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди («жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган, тергов олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)