Америкалик олимлар оналар онгсиз равишда ўз жинсига мансуб фарзандларини кўпроқ яхши кўришини, лекин бунинг тескарисини гапиришини аниқлади. Илмий хулосалар Journal of Consumer Psychology’да чоп этилди, деб хабар беради «РИА Новости».
«Бундай ўзига хослик Ер юзининг турли бурчакларида истиқомат қилувчи турли маданиятдаги одамларга хос. Улар бизнинг тўртта ҳар хил тажрибамизда иштирок этди. Фикримизча, бу ҳолат аёллар ўзларини қизларида кўпроқ кўриши билан боғлиқ. Худди шу нарсани эркаклар ҳамда уларнинг ўғил фарзандларига бўлган алоҳида меҳри ҳақида айтиш мумкин», — маълум қилди Нью-Жерсидаги (АҚШ) Ратгерс университети вакили Кристина Дюрант.
Охирги йилларда олимлар эркак ва аёлларнинг организми турли ташқи таъсирларга ҳар хил жавоб қайтаришига эътибор қарата бошлади. Масалан, икки йил муқаддам америкалик биологлар эркак ва аёллар стрессга ҳар хил муносабатда бўлишини, бунга эркак организмида ўзига хос оқсил борлиги билан тушунтирилишини аниқлади.
Изоҳ (0)