Алишер Усмоновнинг USM Holdings компанияси Швециянинг Telia ширкати билан Ўзбекистонда Ucell савдо белгиси остида хизмат кўрсатувчи Coscom мобил алоқа операторини сотиб олиш юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда, номлари ошкор этилмаган икки манбага асосланиб, CNews хабар бермоқда.
Telia вакили Ралф Багнер, CNews мурожаатига жавобан, компания Coscom’нинг келажагига оид миш-мишларга изоҳ бермаслигини маълум қилди. USM Holdings’нинг матбуот хизмати эса CNews’нинг сўровига жавоб бермаган.
Қайд этиш жоиз, USM Holdings Россиядаги йирик алоқа операторларидан бири — «Мегафон»нинг назорат қилувчи акциядорларидан биридир; Telia ҳам мазкур оператор эгаларидан бири саналади.
Telia 2015 йил охирида «Евросиё» макроҳудудидаги ўз активларини сотишини эълон қилган эди. Бу макроҳудуд МДҲдан ташқари Грузия ва Непални ҳам ўз ичига олган. Ҳозирга қадар Непал ва Тожикистондаги активлар сотиб бўлинган.
Изоҳ (0)