Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 сентябрь куни Москва ва Бутун Рус патриархи Кириллни қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Давлат раҳбари юқори мартабали меҳмонни қутлар экан, Рус православ черкови раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатлар ўртасидаги анъанавий яқин ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим воқеа эканини чуқур мамнуният билан қайд этди.
Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги олий ва юқори даражадаги фаол мулоқот барча йўналишлардаги амалий ҳамкорликка жадал суръат бағишлагани, икки томонлама алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаргани алоҳида таъкидланди.
Патриарх Кириллнинг ташрифи икки давлатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда экстремизм, терроризм ва радикализм каби глобал хавф-хатарларга қарши курашиш мақсадида конфессиялараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ёш авлодга таълим ва маънавий-аҳлоқий тарбия бериш масалалари муҳокама қилинди.
Патриарх Кирилл миллатлараро тинчлик-тотувлик, турли дин вакиллари ўртасида дўстлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган сиёсат ҳамда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Ўзбекистонда Рус православ черкови фаолиятига кўрсатилаётган эътибор ва кўмак, христиан динига эътиқод қилувчиларнинг тўлақонли маънавий ҳаёти йўлида яратилган шароитлардан ғоят хурсанд бўлганини таъкидлади.
Патриарх Кирилл Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда Ўзбекистонга ташриф тадбирларга бой дастур асосида ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
Рус православ черкови Ўзбекистон – Россия муносабатларини мустаҳкамлашда бундан буён ҳам фаол иштирок этиш, маънавий қадриятларимизни бойитиш, халқларимизни янада яқинлаштиришга кўмаклашишга тайёр экани қайд этилди.
Изоҳ (0)