Жаҳон туризм ва саёҳат экспертлари Ўзбекистонни яқин келажакда сайёҳлар оқими янада ортиши кутилаётган беш давлат қаторига қўшмоқда. Улар мамлакатда кейинги ўн йил ичида туризмнинг йилига 7 фоиздан ўсиб боришини башорат қилмоқда. Бу ҳақда ЎзАда чоп этилган материалда айтилди.
Материалда айтилишича, туризм айниқса XXI асрга келиб кенг тараққий этмоқда. Бугунги кунда туризм саноати дунёда энг илғор ва сердаромад соҳалардан бирига айланди. БМТ маълумотига кўра, дунёда 200 миллионга яқин киши ушбу соҳада меҳнат қилади, жаҳон иқтисодиётида халқаро туризмдан тушаётган даромад 1 триллион доллардан кўпроқни ташкил қилмоқда, дунё бўйича сайёҳлар сони йилига 4–5 фоизга кўпайиб, ҳар йили бошқа давлатларга саёҳат қилувчилар сони 1 миллиарддан ошмоқда.
Ўзбекистонда 7 мингдан ортиқ тарихий ва маданий ёдгорлик мавжуд. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси дурдоналари рўйхатига киритилган. Бугун мамлакатда 800 дан ортиқ сайёҳлик ташкилоти фаолият кўрсатади, 600 дан ортиқ замонавий меҳмонхона, сайёҳлик базаси ва кемпинг бор. Дам олиш масканлари йил сайин кўпайиб, хизмат кўрсатиш турлари ва сифати юксалиб бормоқда. Янги сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилаётгани, транспорт-коммуникация тизими халқаро стандартлар даражасига келтирилаётгани соҳа ривожига, мамлакатимизга келаётган сайёҳларнинг кўпайишига замин яратмоқда.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти билан ҳамкорликда тайёрлаган маълумотига кўра, 2017 йилнинг биринчи ярмида 1 миллион 125 минг сайёҳ мамлакатга келган. Бу 2016 йилнинг мос даври билан солиштирганда 18 фоиз кўпдир. Шунингдек, мамлакатда сайёҳлик хизматлари экспорти жорий йилнинг олти ойида 694,5 миллион долларни ташкил қилгани қайд этилган.
Бугун Ўзбекистонда 11 халқаро аэропорт хизмат кўрсатади. Миллий авиакомпания замонавий авиалайнерлар билан таъминланган. Ушбу самолётлар Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Американинг 50 дан ортиқ шаҳрига мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.
21–24 сентябрь кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси Японияда бўлиб ўтган JATA tourism EXPO ярмаркасида иштирок этиб қайтди. Қўмита мутахассиси Темир Мирзаевнинг айтишича, ярмарка доирасида мамлакат делегацияси «Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида туризмнинг ўрни» мавзуидаги конференцияда иштирок этиб, соҳани ривожлантириш, хорижий сайёҳларни қабул қилиш, хизмат кўрсатишни янада яхшилаш ва қўшимча иш ўринларини яратишдаги янги имкониятларни муҳокама қилган.
Изоҳ (0)