Ироқ расмийлари курд референдуми натижалари устида ишлаш ниятида эмас. Бу ҳақда 25 сентябрь, душанба кунига мўлжалланган референдум арафасида мамлакат бош вазири Ҳайдар ал-Ободий маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».
«Референдум ва унинг натижалари бўйича ишлаш бўлмайди. Биз мамлакат яхлитлиги ва якдиллиги, барча фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатларимизни давом эттирамиз», — дейилади бош вазир матбуот хизмати томонидан тарқатилган баёнотда.
Ал-Ободий бўлажак тадбирни яна танқид қилди ва минтақанинг муаммолари Бағдод билан боғлиқ эмаслиги, маҳаллий расмийлар «коррупцияси ва ёмон бошқаруви» натижаси эканлигини билдирди.
«Биз учун қадрли курд халқига минтақанинг аксарият муаммолари ички кўринишга эгалиги ва Бағдод билан боғлиқ эмаслиги, ажралиб чиқиш ҳақидаги даъватлар уларни янада чуқурлаштиришини тушунтириш лозим», — деди Ироқ ҳукумати раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Ироқ Курдистонининг мустақиллиги тўғрисидаги референдумда 3,7 миллион киши овоз бериши кутилмоқда.
Изоҳ (0)